Ўзбекистон | 07:36 / 23.09.2023
6365
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда буғдой етиштириш жараёни Исроил технологиялари асосида назорат қилинади

Шунингдек, ўзбекистонлик талабаларнинг Исроил ўқув марказларида малака ошириш ва амалиёт ўташ имконияти ишлаб чиқилмоқда.

Фото: ТАСС

Ўзбекистон элчиси Феруза Маҳмудова Исроил қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазири Ави Дихтер билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва кун тартиби муҳокама қилинди.

Исроил қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазири Ави Дихтер шу йил 7-8 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида ўтказилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ва унинг натижаларини юқори баҳолади. У, шунингдек, икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги алоқаларнинг фаол динамикасидан мамнунлик билдирди. 

Томонлар ўртасида имзоланган англашув меморандумига мувофиқ, Исроил технологиялари асосида Ўзбекистонда буғдой етиштириш жараёнларини назорат қилишни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Бу борада исроиллик мутахассисларнинг Ўзбекистонга ишчи сафарини амалга ошириш масаласи ҳамда ўзбекистонлик талабаларнинг Исроил ўқув марказларида малака ошириш ва амалиёт ўташ имкониятлари ишлаб чиқилмоқда.

Исроил томони, шунингдек, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегациясининг ушбу давлатга ташрифини ўзбек томони учун мақбул бўлган вақтда ташкил этишдан манфаатдорлиги маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид