Ўзбекистон | 09:38 / 24.09.2023
17962
2 дақиқада ўқилади

Чилонзорда 29 туп кўп йиллик дарахт кесиб ташланди

Дарахтлар катта эҳтимол билан олдиндан қасддан қуритилган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 29 туп кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Унга кўра, Лутфий кўчасидаги 29 та кўп йиллик шумтол дарахти қуриб қолгани сабабли кесиб олинмоқда. Шанба куни кўпчилик ташкилотларда дам олиш куни бўлгани сабабли, туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан қуриган дарахтларни кесиб олиш жараёнлари олиб борилмоқда. 

Фото: Чилонзор туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Аҳолидан ва эколог блогерлар ҳамда журналистлардан биз олдиндан маълум қилган ушбу маълумотлар билан танишиб, айни жараёнларга холис баҳо беришларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил кузида Kun.uz сайтида Чилонзор туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари Лутфий кўчасидаги 56 туп дарахтнинг тагини ландшафт яратиш баҳонасида полиэтилен клеёнка билан ўраб ташлагани ҳақида материал эълон қилинганди. Катта эҳтимол билан ҳозирда айнан шу дарахтларнинг бир қисми кесилган.

Экология қўмитаси (экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги) раисининг собиқ ўринбосари Исломбек Боқижонов шундай саволни ўртага ташлаганди: «Бу дарахтлар кимгадир халал беряптими, кимга керак бўлиб қолди уларни қуритиш?»

Мавзуга оид