Адиб Эркин Аъзамнинг «Жавоб» номли қиссаси бош қаҳрамони Нуриддин Элчиев ҳам 48 ёшга кирганда яшаб ўтган умрини тафтиш қилиб кўрди ва ҳаётнинг сўроқларига яхши жавоб беролмаганини ва бутун ҳаётини «қониқарсиз» яшаб ўтганини тушуниб қолди. У қатъий аҳд қилдики, бундан кейинги синовларга яхши тайёргарлик кўриб, аъло жавоб беришга интилиши керак…

Сюжет: 

Сурхондарёнинг чекка бир қишлоғида туғилиб-ўсган Нуриддин дўсти Ҳайдар билан бирга Тошкентга, Халқ хўжалиги институтининг иқтисод факултетига имтиҳон топширади. Иккиси ҳам талабаликка қабул қилинади. Ўқиб юрган йилларининг бирида Нуриддин Тошкентда бувиси билан бирга яшовчи Мастура исмли қиз билан бир-бирини севиб қолади. Улар турмуш қуради. Вазият тақозоси билан Нуриддин ичкуёв бўлиб яшай бошлайди.

Ҳайдар эса Холбека исмли қизга уйланади ва илмий иш ёзишга киришади. Табиатан ва ақлий жиҳатдан Нуриддин вазмин, билимдон, илмий машғулотларга ҳам тоқатли эди. Ҳайдар эса деярли Нуриддиннинг акси – табиатан енгил, беқарор. Ўқишга ҳам Ҳайдарнинг қистови билан топширганди. Аммо бирдан ўзгариб, илмий иш ёза бошлаганига Нуриддин бироз ҳайрон бўлди. Ҳайдар ўртоғини ҳам ундади, аммо Нуриддин негадир хоҳламади.

Кунлардан бир куни Ҳайдар Холбекани етаклаб Нуриддиндан вақтинчалик бошпана сўраб келди. Мастураларнинг чортоғида бўш ётган икки хона бор эди. Холбекалар шу ерга жойлашди. Аммо тез кунда Холбеканинг ниҳоятда тантиқ, бефаросатлиги аён бўлди. Ҳаттоки бир куни Мастура билан Ҳайдарни бир-бирига суйкалишиб ўтирибди дея жанжал кўтарди. Бу жанжалга Нуриддин ҳеч қандай муносабат билдирмади, билдиролмади. Биринчидан, табиатан шундай журъатсизроқ эди. Иккинчидан эса аёлига қаттиқ ишонарди. Ўша куниёқ Ҳайдарлар кўчиб кетишди. Аммо кетгач: «Дўстим мендан хотинини қизғонди», деб гап тарқатди…

Ҳайдар вақт ўтган сари «катта одам»га айланиб бораверди. Аввал кандидат, кейин фан номзоди, сўнг профессор, бора-бора мамлакатдаги энг нуфузли институтнинг устунига айланди-қолди. Энг қизиғи, обрў пиллапоясидан кўтарилгани сари Нуриддин билан ораларидаги яқинлик шунчалик пасайиб бораверди. Илгари жўражон деб юрарди, кейинроқ қуруққина Нуриддин деб чақирадиган, сўнгроқ эса расмий оҳангда Элчиев деб мурожаат қиладиган бўлди…

Элчиев 4 фарзандли бўлди. Каттаси Жасура эди. Жасура ёшлигидан кўп касал бўлган, аммо жудаям ақлли ва иродали қиз эди. Ўқишни битириб лойиҳалаштириш институтига ишга кирди. У ерда бир йигит билан аҳдлашганди. Йигит совчи юборди. Совчилар қизнинг бечораҳол уйини кўриб айниб кетди. Йигит тез орада ўзига тўқ хонадон қизига уйланди. Шундан бери Жасура одамови ва ғамгин қизга айланди. Элчиев бу ҳолатда ўзини озгина айбдор сезади. Аммо бундай йигитдан вақтида айрилгани яхши бўлди деб ҳам ўйлайди.