Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 25 сентябр куни телеграм-каналида ўз ўғли Адам Қодиров Қуръони карим нусхасини ёқишда айбланаётган Никита Журавелни калтаклагани тасвирланган видео жойлади. Қодиров видеодаги ўз ўғли эканини тасдиқлаб, унинг бу ҳаракатларидан фахрланишини айтган. Бу видео ортидан Қодиров атрофида янги можаро авж олди.

«Ўғлим билан фахрланаман»

Қодиров ўғли Журавелни тергов қамоқхонасида ураётгани акс этган видеони каналига жойлар экан, постга қуйидаги матнни ҳам илова қилган: «Тармоқда ўғлим Адам Қодиров муқаддас Қуръон китобини ёққан Никита Журавелни ургани ҳақида мавзу муҳокама қилиниб, видеодаги чиндан Адам Қодировми, деган савол ўртага чиқмоқда. Ноаниқликни ёмон кўраман ва шу сабаб аниқлик киритмоқчиман.

Ҳа, у чиндан ўғлим Адам Қодиров. Урган ва тўғри қилган. Мен ҳар қандай муқаддас ёзувларга ҳурматсизлик қиладиган, уларни ёқадиганлар жазоланиши керак деб ҳисоблайман. Юртимизда муқаддас ёзувларни ҳимоя қилувчи президент Владимир Путин томонидан имзоланган қонун амалда. Диний қадриятлар юқори даражада ҳимоя қилинади. Ва буни провокаторлар тортиб ололмайди.

Ҳеч қандай муболағасиз айтмоқчиманки, Адамнинг қилган ишидан фахрланаман. У доим катталар орасида ўсишга ҳаракат қиларди. Шу сабаб ғурури, фикрлари ва динини ҳимоя қилиш истаги ҳам катталарникидек. Унинг танловини ҳурмат қиламан».

Бу пост Қодировнинг телеграм-каналида 1,5 миллион марта кўрилган. У эълон қилиниши билан бошқа пабликларда ҳам тезда тарқалди. Россияда жамоатчилик Адам Қодировнинг ҳаракатлари ва Чеченистон етакчисининг гапларини фаол муҳокама қилмоқда. Рус нашрларида Қодировнинг ўғли тергов ҳибсхонасидаги Журавелни урган бўлиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ ҳам хабарлар тарқалганди. Аммо ҳолат видеоси Рамзан Қодировнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар фонида унинг каналида биринчи марта пайдо бўлди.

Кремл муносабат билдира олмади

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 25 сентябр куни журналистлар билан навбатдаги конференс-колл (телефон мулоқоти шаклидаги матбуот анжумани) ўтказган. Сўзи аввалида Песков олдиндан Қодировнинг ўғли билан боғлиқ видеони муҳокама қилмаслигини айтган. Журналистлар бунинг сабабини сўраганда эса шунчаки, “хоҳламайман”, деб жавоб қайтарган.

Рус нашрлари Қодиров эълон қилган бу видеога мамлакат юқори мартабали сиёсатчиларидан ҳеч бири муносабат билдирмаганига эътибор қаратган. Чиндан ҳам бу ҳолат бўйича Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам ҳеч қандай иш очмаган. Россияда юқори мартабали сиёсатчилар орасида фақат бир киши айнан Адам Қодировнинг исмини айтиб, унинг қилган иши қонунга зид бўлса, жазосини олиши лозимлигини айтди. Бу – Рамзан Қодировнинг ўзи. Бу ҳақда Қодиров россиялик журналист Ксения Собчак билан интервюда айтган.