«Токмак — минимум мақсад», — деди ўтган ой охирида CNN учун берган интервюсида украиналик генерал, «Таврия» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский.

Унинг сўзларига кўра, максимум мақсад — Украинанинг 1991 йилги чегараларига чиқиш ҳисобланади.

Украиналик юқори мартабали ҳарбий мулозимлар қарши ҳужум бошланишидан олдинроқ 1991 йилги чегараларга қайтишни қарши ҳужумнинг асосий ва эришиш мумкин бўлган мақсади деб аташганди. Украина разведкаси раҳбари Кирилл Буданов украин ҳарбийлари ҳатто 2023 йил баҳоридаёқ Қримга кириши мумкинлигини прогноз қилганди.

Кейинчалик украинлар ўз юришидан кутилмаларини ўзгартиришга мажбур бўлишди. Жумладан, ёз-куз кампанияси якунигача Россия армиясининг қуруқлик йўлагини узиб қўйиш учун Азов денгизи соҳилларига етиб бориш яхши ютуқ бўлишини айтишди. Аммо кейинги ойларда бу кичикроқ мақсадга эришилиши ҳам даргумон.

Украина ҳукумати юриш амалиёти режалаштирилганидек тезкор суръатларда кетмаётганини тан олади.

Ва, афтидан, эндиликда Токмакнинг озод этилиши юришнинг биринчи босқичидаги мақсад деб ҳисобланмоқда.

Бу шаҳар озод этилиши юриш амалиёти учун қанчалик муҳим, уни қандай озод этиш мумкин ва нима учун бу «минимум вазифа»ни уддалаш ҳам жуда қийин бўлиши мумкин?

Осон бўлмаган вазифа

Август ойи охирида украинлар Запорижжя областининг Работине посёлкасини озод этганди ва 20 км масофадаги Токмак томон юриш бошлаганди

Украина қуролли кучлари ҳатто бу «минимум»га эришиш учун ҳам катта ишни бажариши керак. Ҳозирда украин жангчилари Токмакдан 16-18 км масофада, россияликларнинг «Суровикин линияси» деб аталувчи асосий мудофаа чизиғини кесиб ўтишмоқда.

Cоветлар ҳарбий терминологиясига кўра «предполе» (асосий мудофаа позициясидан олдинроқда мустаҳкамланган участка) деб аталган биринчи полосани украин армияси август ойи охирида Роботине ва Вербове қишлоқлари орасида ёриб ўтишга муваффақ бўлганди.

Шу билан бирга, Украина ҳарбийлари бир вақтнинг ўзида бир неча муаммони ҳал қилишига тўғри келади.

Биринчидан, улар россияликлар мудофаасини Новопрокопивка жануби-шарқида ва Вербоведан ғарбда ёриб ўтиб, Очеретовате йўналишида ҳаракатланишда давом этиши керак. Шунингдек, рақиб мудофаасига кириб бораётган «ханжар»ни кенгайтириш ва қанотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим.