Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ иқтисодий босимга қарши кураш тўғрисидаги қонунни тасдиқлади
Агар учинчи давлатлар томонидан иқтисодий босим бўлса, ЕИ маълум товарлар савдосини ва тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни чеклаш орқали қарши чоралар билан жавоб бера олади.
Европарламент Европа Иттифоқига учинчи давлатларнинг иқтисодий шантажига қарши чоралар кўриш имконини берувчи қонунни келишиб олди. Бироқ бу ҳужжатнинг асосий мақсади, 3 октябр, сешанба куни Европарламент веб-сайтида тушунтирилганидек, бундай уринишларнинг олдини олишдир. Ташаббус учун 578 киши ёқлаб, 24 киши қарши овоз берди, 19 киши бетараф қолган.
«Савдо ва инвестициялар хорижий кучлар томонидан қурол сифатида тобора кўпроқ қўлланаётган глобал сиёсий контекстда бу зўравонликка қарши восита ЕИ ва унга аъзо давлатлар суверенитетини ҳимоя қилиши керак», дейилади Европа Иттифоқи қонун чиқарувчи органи сайтида.
Иқтисодий босим нима?
Қайд этилишича, иқтисодий мажбурлаш учинчи давлат Европа Иттифоқи ёки ЕИ давлатига муайян қарорга эришиш учун босим ўтказганида – масалан, савдо ёки сармоявий чоралар ёки уларни қабул қилиш таҳдиди орқали юзага келади.
Бундай босим Европа Иттифоқининг стратегик автономиясига путур етказади, лекин ЖСТ қоидалари билан тартибга солинмайди. «Иқтисодий мажбурлаш Жаҳон савдо ташкилотининг низоларни ҳал қилиш механизмига фақат унинг қоидаларини бузган тақдирдагина тегишли бўлади», деб тушунтирди Европа парламенти.
Агар Европа Иттифоқи ёки аъзо давлатга иқтисодий босим ўтказилаётганига шубҳа туғилса, Европа комиссияси текширув ўтказиши учун тўрт ой вақт берилади. Шундан сўнг, Европа кенгаши саккиз ҳафтадан ўн ҳафтагача ушбу масала бўйича Европа комиссиясининг хулосалари асосида кўпчилик овоз билан қарор қабул қилиши керак.
«Асосий мақсад учинчи давлат билан мулоқотни йўлга қўйиш ва унинг расмийларини мажбурлашни тўхтатишга кўндиришдир», - дейилади Европарламент веб-сайтида. - Аммо бунинг уддасидан чиқилмаса, Европа Иттифоқи турли қарши чораларни қўллаши мумкин».
ЕИга иқтисодий босим бўлган тақдирда эҳтимолий қарши чоралар
Агар Европа комиссияси гап иқтисодий мажбурлаш масаласи ҳақида кетаётганини аниқласа ва Европа кенгаши буни тасдиқласа, ЕК тегишли жавоб чораларини тайёрлаш учун олти ойга эга. Европарламент депутатлари томонидан тузилган, иқтисодий мажбурлаш ҳолатларида Европа Иттифоқи жавоб бериши мумкин бўлган ҳаракатлар рўйхати нафақат товарлар ва хизматлар савдосига, балки интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва тўғридан тўғри хорижий инвестициялар бўйича ҳам чекловларни ўз ичига олади. Бошқа эҳтимолий қадамлар - Европа Иттифоқининг харидлар бозорига ва капитал бозорига, шунингдек, кимёвий ва гигиена стандартларига риоя этишни талаб қиладиган маҳсулотлар бозорига киришни чеклаш.
Маълум бўлишича, Европа Иттифоқи унга иқтисодий босим ўтказмоқчи бўлган учинчи давлатлардан «товон пули» ҳам талаб қилиши мумкин.
Мавзуга оид
08:53 / 23.06.2026
Стармер истеъфосидан сўнг ЕИ – Буюк Британия саммити қолдирилди
08:58 / 19.06.2026
Орбансиз саммит: ЕИ Украина бўйича ягона позицияга келди
08:22 / 19.06.2026
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни илк бор бир йилга узайтирди
09:45 / 16.06.2026