5 октябрь куни Фарҳод ГЭСнинг модернизациядан сўнг, янгиланган энергетик қувватда ишга туширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Амирсаидов табрик нутқи билан очиб берди. Маросимда Сирдарё вилояти, Ширин шаҳар, Бекобод шаҳар ҳокимликлари раҳбарияти, Жамият тизим корхона ва ташкилотлари вакиллари, ҳамкор хорижий компаниялар масъуллари, гидроэнергетик муҳандислар ҳамда марказий ва ҳудудий телеканаллар, босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирок этди.

Унда “Фарҳод ГЭС” унитар корхонасининг қўшимча даромадлари ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу оилаларнинг болаларига қувонч улашиш мақсадида, корхона ишчи-ходимларининг ҳамда ГЭСга яқин жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилувчи оилаларнинг 11 нафар фарзандларига суннат тўйи маросими ўтказиб берилди. Болажонларга корхона томонидан велосипед ҳамда телевизорлар эсдалик совғалари сифатида тақдим этилди.

Маълумот учун: Давлат мудофаа қўмитасининг 1942 йил 18 ноябрдаги қарори билан Сирдарё дарёсида 1943 йил 10 февралида Фарҳод гидроэлектр станцияси қурилиши бошланган эди. Ушбу кун ГЭС қурилишининг оммавий бошланиши санаси ҳисобланади. Мазкур ГЭС оммавий ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, ҳашарга Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларидан жами 60 мингдан ортиқ киши жалб этилди.

ГЭС қурилишининг биринчи босқичи натижаси ўлароқ, 1948 йил 15 февралда ГЭСнинг 3- ва 4-агрегатлари ишга туширилди, Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларига икки линия бўйлаб 110 кВ саноат токи узатилди.

Иккинчи босқич якунида 1949 йил 5 апрелда 1-агрегат ва шу йилнинг 30 июнида 2-агрегат ҳам ишга туширилди.

1951 йил 3 июль куни ГЭС тўлиқ эксплуатация учун қабул қилинди.

Ушбу ГЭСнинг ишга туширилиши билан, мамлакатнинг электр, кимё, металлургия, кўмир ва саноатнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилди.

Бу ютуқнинг яна бир муҳим аҳамиятли томони шундаки, мазкур улкан ишнинг асосий қисми Мирзачўлнинг қаттиқ иқлим шароитида ва Иккинчи жаҳон урушининг оғир йилларида бажарилди.