Kun.uz мухбири Ўзбекистонда пахтачилик ва унда бозор механизмларини жорий қилиш зарурати масаласида таҳлилчи ва амалиётчилар иштирокида суҳбат ташкил қилди.
Суҳбатда иштирок этганлар соғлом бозор механизмлари учун кластерларга рақобатчи тизим кераклиги ва бу тизим фақат кооперативлар бўла олиши ҳақида гапиришди.
Камолиддин Икромов, фермер
— Ўзбекистонда кластерлар учун рақобатли тизим йўқ, рақобат бўлиши учун бошқа алтернатив тизим бўлиши керак, бу — кооперативлар. Ким кластер билан ишлагиси келмаса, кооперативларга бирлашади. Ўзи бундай кооперативлар тузиш бизда ҳам бошланган. Кластерлар ўзини ўнглаб кетиши учун ҳам рақобатчи керак. Кооперативлар бутун дунёда ишлайди ва ўзини оқлаб келмоқда. 1993 йилда қабул қилинган, 1998 йилда қайта ишланган қонунимизга кўра, кооперативлар тузиш мумкин. Яқинда яна янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лекин кооперативларнинг ривожланиб, оммалашиб кетиши, рақобат муҳити айрим маҳаллий мутасаддиларга ёқмайди. Ва жиддий қаршилик кўрсатишяпти. Чунки баъзи маҳаллий ҳокимликлар кластерларни жиловлаб олган, хоҳлаганча ишига аралашади. Маҳаллий ҳокимликлар кластерлар ишига аралашиши мумкин эмас, деб кластерлар тўғрисидаги қарорда ҳам белгилаб қўйилган. Аммо бу давом этмоқда.
Бундай мутасаддилар кооперативлар ривожланиб кетса, кластерлар тизими банкрот бўлади, ҳамма фермерлар кооперативларга ўтиб кетади дейишяпти. Кластерлар олган кредитларини тўлолмай қолади бундай ҳолатда, деб юқорига сигнал беришяпти. Аслида бундай эмас. Чунки кооперативларда ҳамма фермер ҳам ишлолмайди, кластер билан ишлайдиганлари ҳам кўп. Рақобат муҳити пайдо бўлади. Масалан, ўзим билганим, Андижонда ёки Элликқалъа туманида яхши ишлаяпти кооперативлар ва ўша ерда кластерлар ҳам ишламоқда.
Президентнинг шу масаладаги 4633-сонли қарори иккинчи бўлими “b” кичик бандида кластерлар йўқ ҳудудда фермерлар кооператив тузиб, ўша ердаги заводларни юритиши керак, дейилган. Лекин маҳаллий мутасаддилар мана шу бандни ўзига мос қилиб ўгирган ҳолда, бошқа ташкилот орқали кооперативларни судга беряпти, яъни кластер бор жойда кооператив тузиш мумкинмас, дейишяпти. Ҳаттоки баъзи маҳаллий инстанция судларида ютишди ҳам. Умуман, мана шундай кооперативларга қаршилик айрим мансабдорларнинг шахсий принципидан келиб чиқиб бўляпти. Чунки кластерга кооперативлар рақобатчи бўлиб кирса, ўша мансабдорлар кластерга таъсирини йўқотиб қўяди, аралашолмай қолади. Чунки соғлом бозор муҳитида ортиқча бюрократия бўлмайди.



















