Бугунги кунда аҳоли зич яшайдиган, кам даромадли ҳудудларда одамлар кўпинча астма, саратон, юрак-қон томир касалликлари, диабет ва бошқа турли касалликлардан азият чекади. “Соғликдаги бу ҳолатларга организмда кузатиладиган яллиғланишнинг боғлиқлиги бор”, дейди АҚШ атроф-муҳит эпидемиологи Жейн Клогерти.

Ҳафо ифлосланишининг инсонга таъсири бўйича ўтказилган йирик тадқиқотга кўра, ҳаво ифлосланиши муҳитида доимий яшаш яллиғланишни келтириб чиқаради ва соғликда турли муаммолар юзага чиқишига сабаб бўлади. Ҳозир иқлим ўзгариши туфайли кўплаб ёнғинлар содир бўлаётган, Ўзбекистон шароитида эса чанг бўронлари кўтарилаётган, йўллар ёқилғи билан юрадиган машиналарга тўла бўлган замон. Олимлар ифлосланган ҳавода нафас олиш иммун тизимига таъсир қилиши ва танада яллиғланишни келтириб чиқаришини ўрганди.

- Тошкентда чанг сабаб ифлосланган об-ҳаво

Ифлос ҳаво қандай бўлади?

Ҳавонинг ифлосланиши – турли хил манбалардан келиб чиқадиган турли ўлчамдаги ва таркибдаги газлар ва зарраларни ўз ичига олади. Бунинг таркибига завод ва машиналарда ишлатиладиган ёқилғи ва газ зарралари ёки ўрмон ёнғинлари, вулқон ва қум бўронлари зарралари киради.

Саноат тутунлари

Ифлосланган ҳаво таркибида олтингугурт диоксиди, озон, қўрғошин кабилар бўлиши мумкин. Ёқилғилардан фойдаланиш зарарли кимёвий моддалар ажралиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Кўплаб тадқиқотларга кўра, бундай ҳавода доимий нафас олиш нафас йўллари, юрак-қон томир касалликлари, неврологик муаммолар, саратон ва эрта ўлимнинг сабабчиси бўлиши мумкин.

Ифлосланган муҳитда яшаш инсонларни инфекцион касалликларга, жумладан, коронавирусга нисбатан таъсирчан қилиб қўяди. 2020 йилдан бери олиб борилган тадқиқотларга кўра, қаерда ҳаво ифлосланиши кўрсаткичи юқори бўлса (ҳатто вақтинча бўлса ҳам), ўша ерда COVIDʼдан зарарланиш, ўлим ва асорат қолиши кўрсаткичи юқорироқ бўлган. 2020 йилнинг мартидан то декабргача олиб борилган тадқиқотда ўрмон ёнғинлари тутуни кузатиладиган Калифорния, Орегон ва Вашингтон штатларида коронавирусдан зарарланиш 20 мингтага кўпроқ, ўлим ҳолати эса 750 тага ортиқлиги аниқланган.