9 октябр куни Исроил Фаластиннинг мазкур ҳудуди тўлиқ блокада қилинишини эълон қилди, маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бу ерга шанба кунидан буён инсонпарварлик ёрдамлари етиб бормаяпти.

Ғазода 2,3 млн атрофида одам яшайди, шундан 80 фоиз қисми инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилишига қарам ҳолатда. Бу ҳудудни Ғарбнинг қатор мамлакатлари террорчилик ташкилоти деб тан олган ҲАМАС ҳаракати назорат қилади.

Аммо Ғазонинг соҳил қисми ва ҳаво кенгликлари Исроил назоратида қолган. Ғазо ҳудудига айнан қандай юклар ва одамлар киришини ҳам исроилликлар назорат қилади.

Фаластинликларнинг шанба куни тонгида бошланган ҳужумидан кейин Исроил Ғазога бориши мумкин бўлган барча таъминотни тўхтатди.

Натижада Ғазода яшовчи аҳоли электр ва интернетсиз қолган, тез орада уларда ичимлик сув ва озиқ-овқат ҳам тугаши мумкин.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Ғазода қолган ёнилғи миқдори 72 соатдан ортиқ вақтга етмайди.

Зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлмоқда

Душанба куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Ғазо тўлиқ блокада қилинишига ваъда берди.

«Ҳеч қанақа электр, ҳеч қанақа озиқ-овқат, ҳеч қанақа сув, ҳеч қанақа газ. Барчаси ёпилади», — деган у.

Аввалроқ Фаластин мухторияти соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳукумати ҳаракатлари туфайли Ғазодаги тиббиёт муассасаларида дори-дармон ва бошқа зарур захиралар, жумладан ёнилғи етишмовчилиги бошланганини маълум қилганди.

Фаластин ҳукумати халқаро ҳамжамиятни Исроилни электр узатиш, шунингдек ҳаёт кечириш учун биринчи навбатда зарур бўлган дори-дармон ва ёнилғи таъминотини тиклашга кўндиришга чақирди.

ҲАМАС ҳужумига жавобан Исроил Ғазо секторини шиддатли ўққа тутмоқда

Исроил шанба кунидан Ғазо бўйлаб ёппасига ҳаво зарбалари бера бошлади, сўнгги маълумотларга кўра, бу зарбалар оқибатида 700 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 4 мингга яқин киши яраланган. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, қурбонлар орасида 143 бола ва 105 аёл бор.