Ҳангжоуда ўтган Осиё ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси олтин медаллар сонига кўра, курашчилардан кейин дзюдочилар билан бирга энг муваффақиятли иштирок этган спорт тури вакилларига айланишди. Аммо Токиода Олимпиададаги пешқадамлик қўлдан чиқарилган бўлса, Ҳангжоуда ўзбек боксининг Осиё ўйинларидаги гегемонлигини мезбон Хитой тортиб олди. Боксчиларимизни шоҳсупанинг энг юқори поғонасида кўришга одатланганимиздан бўлса керак, шу натижа ҳам яккаҳокимлик қўлдан чиқарилгани сабабларини ўрганишга ундади.

Осиё ўйинларига қандай таркиб йўл олганди?

Ҳангжоу-2022 бокс баҳсларида жами 13та вазн тоифасидаги медаллар комплекти учун жанглар ўтказилди. Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон эркаклар жамоаси 7та вазн тоифасидаги – (-51 кг:) Ҳасанбой Дўсматов, (-57 кг:) Абдумалик Халоков, (-63,5 кг:) Руслан Абдуллаев, (-71 кг:) Асадхўжа Мўйдинхўжаев, (-80 кг:) Тўрабек Ҳабибуллаев, (-92 кг:) Лазизбек Мулложонов ва (+92 кг:) Баҳодир Жалолов сингари боксчилар билан иштирок этди. Жакарта-2018дан фарқли ўлароқ, мураббийлар штабидан маҳаллий мутахассислар Раҳматжон Рўзиохунов, Фаррух Қиличев, Акмал Ҳасанов, Даврон Ғафуров, Зиятдинбек Тойгонбоев, Ергали Ярашовдан ташқари, Стейнерс Тиссерт, Хуан Энрике, Ли Эчеверия Хулио, Моралес Монтеро, Хесус Альберто сингари кубалик мураббийлар жой олганди.

Элшод Расулов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон аёллар жамоаси эса аввалги Осиё ўйинларидан фарқли ўлароқ, уч вазнда эмас, 6та вазн тоифасида – (-50 кг:) Сабина Бобоқулова, (-54 кг:) Нигина Ўктамова, (-57 кг:) Ситора Турдибекова, (-60 кг:) Райҳона Қодирова, (-66 кг:) Навбаҳор Ҳамидова, (-75 кг:) Азиза Зокирова каби боксчилар билан Хитойга йўл олганди. Расуловнинг мураббийлар штабидан Тимур Ахбаев, Анна Сидорова, Ислом Тожибоев сингари маҳаллий мутахассислар ўрин олганди.

Ҳангжоу-2022да Жакарта-2018даги натижа нега такрорланмади?

Бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аввалги Осиё ўйинлари-2018да 10та вазн тоифасида иштирок этган бўлса-да, медаллар жамғармасида жами 7 та – 5 та олтин ва 2 та кумушга эга чиқиб, бокс бўйича Осиёда гегемония ўрнатганди. Хусусан, эркаклар ўртасида 7 та вазн тоифасида қатнашган вакилларимиз шундан 5 тасида чемпионликни (Жасурбек Латипов, Миразизбек Мирзахалилов, Иқболжон Холдоров, Бобо-Усмон Батуров, Исроил Мадримов) расмийлаштирганди. Ҳасанбой Дўсматов ва Шунқор Абдурасулов эса кумуш медалига эга чиққан. Боксчи қизлар эса медалсиз қайтганди.

Ҳангжоудаги Осиё ўйинларида эса боксчиларимиз 13 та вазн тоифасидаги медаллар комплекти учун жангга киришган бўлса-да, улар орасида фақат уч нафари – Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халоков ва Баҳодир Жалолов олтинга эга чиқди. Ушбу учлик май ойида Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам юртимизга олтин медалларни тақдим этганди. Жаҳон чемпионатида зафар қучган Асадхўжа Мўйдинхужаев, Руслан Абдуллаев ва Осиё чемпионати ғолиби саналмиш Лазизбек Муллажонов бу сафар кутилган олтинни тақдим эта олишмади.