Меморандум музокараларни имзолашда иштирок этган Норвегия номи билан аталган. Вашингтондаги маросим шунчаки рамзий маънога эга эди, Осло эса тарихга кирди.

Асосий ҳужжат уч ҳафта муқаддам Норвегия пойтахтида Исроил ташқи ишлар вазири Шимон Перес ва Фаластиннинг ўша вақтдаги нуфузли сиёсатчиси, кейинроқ Фаластин миллий маъмурияти раҳбари бўлган Маҳмуд Аббос томонидан имзоланганди.

Битимдан кўзланган мақсад Фаластин-Исроил можаросини тартибга солишдан иборат эди.

30 йил ўтгач, мақсадга эришилмади, деб бемалол айтиш мумкин. Боз устига, бу ташаббус Исҳоқ Рабинга қимматга тушди — у кейинроқ ўнг радикал исроиллик томонидан ўлдирилади.

Тинчликка эришиш мутлақо мумкин эмаслигига ишончи комил бўлган исроиллик скептиклар Осло битимларини террорчиларни жиловлашга уриниш, деб атайди ва бу вазиятни янада оғирлаштиради.

Фаластин томонидаги скептиклар эса Исроил ва унинг иттифоқчилари озодлик ҳаракатини огоҳликдан чалғитиб, вақтдан ютишни мақсад қилишганини айтишади.

«Исроилликлар ўзларини қандай тутишларидан музокаралар яна 20 йилларга чўзилишини англаш мумкин эди», — дейди ўшандаги Фаластин делегацияси маслаҳатчиси Аниз Фаузи Қосим.

Айримларга кўра, Яқин Шарқдаги нифоқни тўхтатишга қандайдир имконият бўлган бўлса, у айнан 1993 йилда бўлганди. Бир йилдан сўнг Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Рабин ва Арофатга берилган, бу ҳам жаҳон ҳамжамиятининг ўша пайтдаги кайфиятини ифодалайди.

Хўш, ким ҳақ ва нима нотўғри йўлдан кетди? BBC яқин ўтмишдаги воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.

Келишув томон сирли йўл

Яқин Шарқдаги ўнлаб йиллар мобайнидаги кескин қарама-қаршилик, ҳудудлар оккупация қилиниши, террор ва биринчи Фаластин интифодасидан сўнг 1991 йилда АҚШ ва СССР Мадрид тинчлик конференциясини чақиришди ва зиддиятлашаётган томонларга музокаралар бошлашни қатъий таклиф қилишди.

Бўлажак мулоқотга асос «тинчлик эвазига ҳудудлар» формуласи бўлиши керак эди.

Ўша пайтда Исроилда ҳокимият тепасида «Ликуд» бошчилик ўнг марказчи ҳукумат турарди ва бундай айирбошлаш кескин рад этилади.

Бироқ, 1992 йил июлида ўнгларнинг сайловдаги мағлубиятидан сўнг ҳукуматни Исҳоқ Рабин бошчилик сўллар бошқара бошлайди. Мамлакатдаги асосий мансабларни «Авода» (ишчи партияси) ва МЕРЕЦ социал-демократлари эгаллашади.