Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашди. Учрашувда Яшил иқлим фондининг «Электромобиллик дастури»ни молиялаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур дастурни молиялаштириш бўйича таклиф этилаётган маблағ 170 млн АҚШ долларини (заём маблағининг 65 млн доллари грант ва қолган 105 млн доллари қарз) ташкил этади.
Тижорат электромобилларини оммалаштиришдаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ушбу дастур, электробуслар паркини ва ёрдамчи инфратузилмани жойлаштириш, жамоат транспорти тизимини яхшилаш ҳамда унинг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, электромобилларни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи 4 та йўналишни ўз ичига олади.










