Оксфорд университети профессори Беата Яворчик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга берган интервюсида Россияга қарши санкцияларга доир айрим саволларга жавоб бериб ўтди.

Беата Яворчик – Оксфорд университети профессори, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бош иқтисодчиси. Поляк олимаси узоқ вақтдан буён халқаро савдо, интеграция, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар масалаларини ўрганиб келади.

Яворчик Беҳзод Ҳошимов билан “Ҳошимов иқтисодиёти” дастурида кечган суҳбатида турли мавзулар, хусусан Украинадаги уруш учун Россияга киритилган санкциялар ҳақидаги саволларга жавоб берди.

— Сиз импорт тарифларига қарши курашиш ҳақида ёзгансиз. Бу мавзу бугунги кунда ҳам кўплаб Ғарб давлатлари уруш туфайли Россияга киритаётган санкциялар нуқтайи назаридан жуда муҳим. Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида Россия чекловлардан қочишнинг янги усулини топгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади. Менимча, бу айнан импорт божларини тўлашдан бўйин товлаш эмас, балки экспорт чекловларидан қочишга оид, чунки бу янгиликларда ҳар доим транзит давлатлар бўлади. Биз санкциялар ҳақида нимани билишимиз мумкин ва уларни қандай қилиб яхшироқ қўллаш мумкин?

— Савдо статистикасида сиз Европа ва АҚШдан Россияга экспортнинг кескин пасайишини аниқ кўришингиз мумкин ва бу пасайиш, айниқса, санкцияларга учраган товарлар учун сезиларли. Шу билан бирга, Европадан Марказий Осиё мамлакатларига ва бу давлатлардан Россияга экспорт ҳажми ошганини кўрамиз. Айниқса МО давлатлари Европа санкциялари остидаги товарларни экспорт қилмоқда. Энди бир нарсани аниқ айтсам: Марказий Осиё давлатлари [Россияга] санкция қўлламаган ва уларнинг ўзи ҳам Европа санкцияларига тушмаган. Шундай қилиб, бу кейсда Европа санкциялари остидаги товарларни экспорт қилишни кўриб чиқамиз. Демак, мен айтиб ўтган далиллар санкцияларни четлаб ўтишни кўрсатади.

Товарни Европадан Россияга тўғридан тўғри экспорт қилиш ўрнига, савдо Марказий Осиё орқали амалга оширилади. Хўш, қандай турдаги маҳсулотлар учун воситачилик қилинади? Аслида ҳамма турдаги маҳсулотлар, чунки улар саноатда қўлланиши, ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган икки технологияли ва қимматбаҳо маҳсулотлар ҳисобланади. Бундан ташқари, сиз ҳозирда санкцияланган товарларга ўхшаш маҳсулотлар бундай оралиқ экспортда кўпайиб бораётганининг баъзи далилларини кўряпсиз.

Бир мисол келтираман: тиббий мақсадларда фойдаланиш учун рентген аппарати санкцияга тушмайди, лекин саноатда фойдаланиладиган рентген аппарати тушиши мумкин. Шундай қилиб, баъзи ҳолларда санкциялардан қочиш учун савдо корхоналари санкцияланган товарларни рухсат этилган товарлар ўлароқ атайлаб нотўғри таснифлайди.