DW хабарига кўра, Винница мэри Сергей Моргунов 17 октябр эрталаб шаҳар Россия ҳужумидан кейин электрсиз қолганини маълум қилган. Электр транспорти ҳаракати тўхтагани сабабли йўналишларга қўшимча автобус ва йўналишли таксилар чиқарилиши белгиланган.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, 17 октябр тонгида Запорижжя вилоятига берилган зарбада камида беш киши, жумладан, бир бола жабрланган. Жабрланганлар сонига аниқлик киритилаётгани айтилган.

Қутқарувчилар икки автомобил ва 50 квадрат метр майдондаги нотурар жойда чиққан ёнғинларни ўчирган. Турар жойлар ҳам шикастланган.

Харкивда эса 17 октябр эрталабига келиб Россия ҳужумларидан 15 киши, шу жумладан, уч нафар бола жабрлангани маълум бўлган.

Қутқарувчиларнинг билдиришича, 16 октябр кечқурунги ракета зарбаларидан бири Немишлянский туманидаги омбор биносига теккан. Натижада 100 квадрат метр майдонда ёнғин чиққан, яқиндаги кўп қаватли уйлар ва бошқа объектлар зарар кўрган. Ҳужум оқибатида юзага келган тўртта ёнғин ўчоғи бартараф этилган.

Ровно вилоятида ҳам корхоналардан бири ҳудудида ёнғин чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, икки киши жароҳатланган. Корхонанинг номи ва фаолият йўналиши очиқланмаган.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, 17 октябрга ўтар кечаси Россия «Искандер-М»/KN-23 баллистик ракеталари, Х-22/32 қанотли ракеталари, тўртта «Калибр» ракетаси ҳамда 332 та турли учувчисиз аппаратни қўллаган. Улар орасида зарба берувчи дронлар билан бирга чалғитувчи аппаратлар ҳам бўлган.

Ҳаво кучлари эрталаб соат 08:00 ҳолатига кўра, тўртта «Калибр» ракетаси ва 289 та дрон уриб туширилганини билдирган. Шу билан бирга, 22 та жойда зарбалар, яна учта жойда парчалар тушиши қайд этилган. Ҳисоботда баллистик ракеталар уриб туширилгани ҳақида маълумот келтирилмаган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Запорижжя вилоятида Украина қўшинларининг таянч пунктлари, «Запорожсталь» металлургия комбинати ва «Запорожтрансформатор» корхонасига зарбалар берилганини билдирган. Идора сўнгги корхона Украина Қуролли кучлари манфаатларида ишлатилганини даъво қилган.

Россия томони, шунингдек, Кривий Рихдаги металлургия комбинати ва Житомирдаги электр подстанцияси нишонга олинганини маълум қилган. Вазирлик подстанцияни ҳарбий-саноат корхоналари учун электр тақсимловчи объект сифатида таърифлаган.