Спорт | 00:43 / 14.10.2023
34846
2 дақиқада ўқилади

Эрон Роналдунинг жисмоний жазоланиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Эрон элчихонаси Роналдуга 99 дарра урилиши таҳдид қилаётганини рад этди.

Фото: Twitter/AlNassrFC

Эроннинг Испаниядаги элчихонаси португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду ногирон рассом Фотима Ҳамамийни ўпгани учун жисмонан жазоланиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Эронликлар Роналду келажакда мамлакатга қайтса, жазоланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни рад этишди.

«Унинг Фотима Ҳамамий билан самимий ва инсоний учрашуви халқ ва мамлакат спорт раҳбарияти томонидан юқори баҳоланди ва олқишга сазовор бўлди», дейилади хабарда.

11 октябр куни Index HR нашри Роналду Эронда маҳаллий қонунларни бузгани ва мамлакатга қайтса, 99 дарра урилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Саудиянинг «Ан-Наср» клубида тўп тепаётган форвард Осиё чемпионлар лигаси доирасида маҳаллий «Персеполис»га (2:0) қарши ўйин учун Теҳронга борди. Саёҳат доирасида у мухлислари, жумладан Фотима исмли ногирон рассом билан учрашди. Футболчи у билан мулоқотда бўлиб, якунда уни қучоқлаб ўпган эди.

Роналду 2022 йилнинг 30 декабрида «Ан-Наср» жамоасига қўшилди. У Саудия клуби сафида жами 30 та ўйин ўтказиб, 25 та гол урган ва 8 та голга ассистентлик қилган.

Мавзуга оид