Жаҳон | 16:32 / 17.10.2023
13149
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэла нефт саноатига санкцияларни юмшатади. Улар қачон ва нега киритилганди?

Вашингтон ва Каракас санкцияларни юмшатиш бўйича келишувга эришди, дея хабар тарқатди Washington Post. Бунинг эвазига Мадуро ҳукумати 2024 йилги президентлик сайловлари рақобатли ўтишига имкон беради, унда мухолиф номзодларга тўсқинлик қилмайди.

Николас Мадуро / Фото: Carlos Becerra / Bloomberg

Жо Байден маъмурияти ва Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШнинг Венесуэла нефт саноатига нисбатан санкцияларини юмшатишни назарда тутувчи келишувга эришди. Бунинг эвазига расмий Каракас 2024 йилги президентлик сайловлари рақобатбардош ўтишига рухсат беради ва мухолифат номзодларининг сайловларда иштирок этишига тўсқинлик қилмайди. Бундан ташқари, сайловда халқаро кузатувчиларга ҳам иштирок этишга рухсат берилади. Бу ҳақда The Washington Post музокаралардан хабардор бўлган икки манбасига таяниб хабар берди.

Қўшимча қилинишича, битим Венесуэланинг АҚШда сақланаётган музлатилган активларини қайтаришни назарда тутмайди. Шу билан бирга, Венесуэла давлат нефт-газ компаниясига (PDVSA) АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни тиклаш учун лицензия берилади.

Музокаралар АҚШнинг Венесуэлага нисбатан олиб бораётган ташқи сиёсатидаги кескин ўзгаришларнинг бир қисми бўлиб, Мадуро ҳукуматига максимал босим ўтказиш бўйича кўп йиллик ҳаракатларнинг юмшатилишини англатади.

АҚШ ва Венесуэла муносабатларининг кескинлашуви

Қўшма Штатлар тарихан Венесуэла учун асосий ҳамкорлардан бири бўлиб келган. 1920 йилларда бу мамлакат америкаликлар учун муҳим нефт етказиб берувчига айланади. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса Ҳитлерга қарши тузилган иттифоқчиларни энергия билан таъминлаб келган. 2000 йилларда Уго Чавес Америка билан муносабатларни яхшилайди ва икки томонлама фаол савдо ҳамкорлиги ўрнатилади. Бу эса Венесуэла иқтисодиётининг йилига деярли 10 фоиздан ўсишига имкон беради.

2007 йилда мамлакатда миллийлаштиришнинг иккинчи тўлқини ўтказилади ва рўйхатга Ғарб нефт компанияларининг филиаллари ҳам киритилади. Бундан Америка ҳукумати Венесуэлага қарши санкциялар қўллаш учун асос сифатида фойдаланади ва босим ўтказа бошлайди.

Кейинги даврда санкциялар, саноатни нотўғри бошқариш ва нефт нархининг тушиши Венесуэлада мисли кўрилмаган ижтимоий-иқтисодий инқирозни юзага келтиради.

Икки томонлама муносабатлардаги кескинлик 2019 йилнинг январида, Доналд Трамп маъмурияти (2017-2021) Венесуэлада 2018 йилги президентлик сайловларини ноқонуний деб эълон қилиши фонида кучайиб кетади. Венесуэладаги мухолиф сиёсатчилар президентлик сайловларини бойкот қилишади. Ўша пайтда мамлакат Миллий ассамблеяси (парламенти) раиси бўлган Хуан Гуайдо қасамёд қабул қилиб, ўзини муваққат президент деб эълон қилади. Уни Мадуронинг истеъфосини талаб қилиб, мамлакат кўчаларига чиққан ўн минглаб намойишчилар қўллаб-қувватлайди. АҚШ ва 50 дан ортиқ давлат Гуайдони Венесуэланинг муваққат президенти сифатида тан олади. Дунёнинг ўнлаб давлатлари, жумладан, АҚШ ҳам Венесуэладаги сайловларда манипуляциялар ҳақида эълон қилади. Россия, Хитой, Туркия ва бошқа бир қатор давлатлар эса Мадурони қўллаб-қувватлайди.

Трамп маъмурияти Қўшма Штатлар Венесуэлада демократия ўрнатиш учун иқтисодий ва дипломатик механизмлардан тўлиқ фойдаланишини маълум қилади. 2019 йил август ойида АҚШдаги Венесуэла ҳукуматининг барча активлари музлатиб қўйилади. Шунга қарамай, Мадуро ҳарбийлар кўмагига таяниб, мамлакатда ҳокимиятни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Маълумот учун, Николас Мадуро 2013 йилдан бери президент лавозимини эгаллаб келади.

АҚШ учун Венесуэла билан муносабатларни тиклаш нега муҳим?

Россия, Эрон ва Хитойнинг Венесуэлада ўз позициясини кучайтириши АҚШни хавотирга солиб келади. Венесуэла – нефт ва уран каби табиий ресурсларга бой давлат. Халқаро майдонда тарангликнинг кучайиши ва стратегик ресурслар нархининг беқарорлаши фонида АҚШ учун Венесуэла билан муносабатларнинг илиқлашиши муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, бу мамлакат АҚШга қарши томонда турувчи давлатлар билан қурол савдоси ва ядровий ҳамкорликка тайёр эканини билдириб келган. Хусусан, 2010 йилда собиқ президент Уго Чавес Россия билан ядро реакторини ишлаб чиқиш бўйича шартномалар имзолагани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Хитой ҳам Венесуэлани ўз манфаатлари учун хизмат қиладиган муҳим стратегик давлат сифатида билади. Пекин Каракаснинг энг йирик кредитори ва мамлакат нефт-газ секторидаги асосий ўйинчи ҳисобланади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, айни дамда Венесуэланинг Хитойдан қарзи 10 миллиард доллардан ошади. Халқаро майдонда қутблашишнинг кучаяётгани Қўшма Штатларни расмий Каракас билан олиб борган қаттиқлаштирилган сиёсатини юмшатишга ундаётган бўлиши мумкин.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид