Фаластинликларнинг Ғазо секторини назорат қилувчи ҳарбийлашган ҲАМАС тузилмаси етакчиларидан айримлари баъзида юзига ниқоб тутган ҳолда ОАВда кўриниш беради. Ташкилот бошқарувининг кўплаб вакиллари эса ўз ҳаётининг катта қисмини Исроил разведкачиларидан яшириниб ўтказган.

BBC ҲАМАСнинг энг кўзга кўринган етакчилари — сиёсий арбоблар ва «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадаси ҳарбий қўмондонларидан иборат рўйхатни тақдим этди.

Муҳаммад Дейф

Дейф — ҲАМАС аъзолари Ғазо секторидан Исроилга ўтишда фойдаланадиган ерости туннеллари лойиҳаси муаллифи саналади

Дейфнинг ҳақиқий исми — Муҳаммад Диаб ал-Масрий (шунингдек, Абу Холид ёки Ал-Дейф сифатида ҳам маълум). У ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадасига раҳбарлик қилади. 1965 йилда Ғазода туғилган.

Фаластинликлар уни ҲАМАСнинг «мияси» деб билишади, исроилликлар учун эса у «Ўлим даракчиси» ёки «Тўққиз жони бор курашчи» сифатида маълум.

Дейф Ғазодаги Ислом университетининг бакалавр дипломини олган. Талабалик йилларида актёрликка (театрга ҳам) меҳр қўйган ва ҳатто у ерда саҳна гуруҳи тузган.

1987 йилда ҲАМАС ташкил этилгани ҳақида эълон қилинганида, Дейф биринчилардан бўлиб унинг сафларига кирган. 1989 йилда у Исроил ҳукумати томонидан ҳибсга олинган ва 16 ойни панжара ортида ўтказган — судсиз ва терговсиз, шунчаки ҲАМАС ҳарбий аппаратида ишлагани учун.

Ҳибсдалиги чоғида Дейф Закариё Ал-Шорбагий ва Салоҳ Шеҳад билан исроиллик аскарларни қўлга олиш учун ҲАМАСдан алоҳида тузилма — «Ал-Қассам бригадаси»ни тузиш бўйича келишиб олади.

Қамоқдан чиққанидан кейин Дейф турли бригадаларни ягона ҳарбий тузилмага бирлаштириб, (бошқа бригадалар етакчилари билан биргаликда) «Изз ад-Дин ал-Қассам»нинг асосчиларидан бирига айланади.

У шунингдек ҲАМАС аъзолари блокпостларни четлаб ўтган ҳолда Исроил ҳудудига киришини таъминлайдиган туннеллар тизимини ишлаб чиқади ва кўп миқдорд ракета учиришни фаол ёқлайди.

Аммо унга қўйилган энг жиддий айблов — 1996 йилги теракт учун бомба тайёрлагани (ўшанда автобуслардаги портлашлар оқибатида 50 га яқин исроилликлар ҳалок бўлган) учун ўлдирилган Яҳё Айяш ўлимига жавобан «қасос амалиёти» сериясини ишлаб чиқиш ҳамда унга тўғридан тўғри раҳбарлик қилиш, шунингдек, 1990-йиллар ўрталарида уч исроиллик аскар ўлдирилишида иштирок этиши бўйича.