Рақамлаштириш вазирлиги 3 октябр кунги матбуот анжуманида Ўзбекистонда рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш имконияти йўлга қўйилишини эълон қилганди.
Ҳозирда Ўзбекистондаги мобил операторлар ўртасида рақамларни узатиш тизими – Mobile Number Portability (mnp.uz) сайти синов тариқасида очилган, лекин тизим ҳозирча ишламаяпти. Рақамлаштириш вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, тизим 24−27 октябр кунлари бўлиб ўтадиган “ICTWeek Uzbekistan 2023” ҳафталигида тўлиқ тақдимот қилинади.
Порталдаги маълумотларга кўра, рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш 4 босқичда амалга оширилади.
1. Абонент рақамини кўчиришга ариза берилади
Абонент рақамини кўчиришга қуйидаги усуллар орқали ариза бериш мумкин:
– мобил алоқа операторларининг офисларида ариза тўлдириш орқали;
– ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали.
2. Абонент рақамини кўчириш хизмати учун ҳақ тўлаш
Бир марталик тўлов абонент ўтаётган операторга тўланади, тўлов миқдори ҳар бир мобил алоқа оператори томонидан мустақил белгиланади.
3. Алоқа операторидан янги SIM-карта олиш
Оператор абонент аризасини қабул қилади, у билан янги келишув тузади ва абонентга вақтинчалик рақамга эга янги SIM-карта топширади. Вақтинчалик рақам назарда тутилган операторга бириктирилган рақамлар тўпламидан танлаб берилади, янги SIM-карта эса абонент томонидан аризада кўрсатилган тариф режасига уланган бўлади.
Келишув тузилган вақтда вақтинчалик рақамга эга SIM-карта фаол бўлади ва абонент унинг рақами фактга кўра янги операторга ўтказилгунига қадар ҳам янги алоқа оператори (resipient-operator) хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Рақамни янги операторга ўтказиш аризаси рад қилинганда, абонент ўзига берилган SIM-карта орқали resipient-operator хизматларидан фойдаланишда давом этиши мумкин. Рақам янги операторга муваффақиятли ўтказилганда, resipient-operator SIM-картадаги вақтинчалик рақамни абонент аризасида ўтказилиши лозим деб кўрсатилган рақамга ўзгартиради. Рақамни бошқа мобил операторига кўчириш 8 иш соатидан ортиқ бўлмаган вақт талаб қилади.










