Жаҳон | 15:11 / 11.11.2025
3585
2 дақиқада ўқилади

Россияликларнинг сим-картаси хориждан қайтганидан сўнг блокланяпти

Россияликларнинг сим-карталари халқаро роумингда бўлгани ёки 72 соат давомида фойдаланилмагани ҳолатида бир суткага мобил интернет ва СМС ўчирилади.

Фото: Aquarius Studio/Shutterstock/FOTODOM

Россияда «совитиш даври» синов тартибида иш бошлади. Унга кўра, чет элдан қайтган фуқароларнинг мобил интернети ва СМС юбориш имконияти бир суткага блокланади. Бу ҳақда РФ Рақамли ривожланиш вазирлиги 10 ноябр куни хабар берди ва чора дронларга қарши кураш мақсадида жорий этилганини тушунтирди.

«Сим-карта хориждан Россия ҳудудига кирганда, у инсон томонидан қўлланаётгани, дронга ўрнатилмагани тасдиқланиши керак. Шу тасдиққача ушбу сим-картада мобил интернет ва СМС вақтинча блокланади», — дейилади вазирлик баёнотида.

Унинг маълумотига кўра, чекловлар бошқа мамлакатдан РФга қайтган ёки сим-картасидан 72 соат фойдаланмаган россиялик абонентларга тааллуқли. Уларда мобил интернет ва СМС 24 соатга ўчирилади. Блоклаш ҳақида хабар СМС орқали юборилиши керак.

Интернет ва СМСдан фойдаланишни тиклаш учун абонент мобил оператор юборган ҳавола орқали авторизациядан ўтиши лозим. Шунингдек, колл-марказга қўнғироқ қилиб, телефон орқали идентификациядан ўтиб чекловни олиб ташлаш имкони ҳам мавжудлиги қайд этилган.

Вазирликнинг таъкидлашича, бундай чоралар «хавфсизликни таъминлаш ва учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимояланиш» учун жорий этилган, чунки сим-карталар дрон ичида бўлиши ва уларнинг навигацияси учун ишлатилиши мумкин.

«Код Дурова» ва «Вёрстка» нашрларининг ёзишича, мижозларига блоклаш ҳақида огоҳлантиришларни «Мегафон» ва «Билайн» юборишни бошлаган. Шу билан бирга, «Вёрстка»нинг қайд этишича, чекловни бекор қилиш учун «Билайн» ҳаволаси ишламаяпти.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид