Ўзбекистонда педофилия билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Гарчи барча ҳолатларни акс эттирмаса-да, расмий рақамлар ҳам мамлакатда бу турдаги жиноятлар статистикаси йилдан йилга ўсаётганини кўрсатади. Жумладан, биргина 2022 йилнинг ўзида 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 238 нафарни ташкил қилган бўлса, 2023 йилнинг дастлабки олти ойида шундай ишлар учун 257 кишига суд ҳукми ўқилган.

Kun.uz мухбири айни турдаги жиноятлар, унинг қандай жамиятларда ортиб бориши ва бу иллатга қарши курашдаги қайси усул самарали бўлиши борасида таҳлилий суҳбат ташкил қилди.

Суҳбат меҳмонлари Инсон ҳуқуқлари эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, ҳуқуқшунос Камола Алиева ва психолог Бобоёр Тўраев бўлди.

— Педофилия нима ўзи, у давоси бўлсин, бўлмасин, касалликми ё онгли тарзда қўл уриладиган жиноятми?

Бобоёр Тўраев:

— Педофилия — вояга етмаган болаларга катта ёшлиларнинг жинсий қизиқиши. Педофилия деганда кўпроқ инсондаги руҳий бузилишларни кўз олдимизга келтиришимиз керак. Педофил ҳаракатларини онгли равишда ҳам, онгсиз равишда ҳам қилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам педофилия жиноятдир. Педофил ўз жиноятини онгли равишда, йиллар давомида режалаштириб қилиши ҳам мумкин.

— Бу иллат қандай жамиятларда кўп учрайди? Ва нега бизда ҳам рақамлар тинимсиз ўсиб бормоқда?

Абдураҳмон Ташанов:

— Нега айнан бу ўлкаларда педофилия кўпайганини билиш учун адабиётларга мурожаат қилиш керак. Бу бўйича бир қанча илмий-оммабоп фильмларни ҳам кўрганман. Уларга кўра, бу иллат бизда қадимдан анъана шаклида бўлган, халқ орасида, подшолар саройида бундай ҳолатлар бўлгани ҳақида қатор манбалар бор. Яқин ўтмишда, яъни 19 аср охирлари ва 20 аср бошларида хонликларда педофиллар рўйхатини юритадиган лавозим ҳам бўлган экан. Абдулла Авлонийнинг «Эсдаликлар»ида Бухоро амирлигида бундай ҳолатлар кучайгани ҳақида маълумотлар бор. «Бобурнома»да ҳам бу иллат тилга олинган, «Меҳробдан чаён», «Ўткан кунлар» асарларида ҳам шундай ҳолатлар бор.