Қўқон шаҳрида 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик иши қайта малакаланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 28 сентябр куни 2012 йилда туғилган вояга етмаган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган. Ҳолат юзасидан 29 сентябр куни Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи ушланиб, 30 сентябр куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
2026 йил 9 ноябр куни Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан мазкур жиноят иши Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан қайта малакаланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Вояга етмаган жабрланувчининг руҳий ҳолатини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялаш мақсадида унга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари томонидан психологик ва юридик хизматлар кўрсатиляпти.
Болалар омбудсмани жабрланувчининг процессуал ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан ўз ваколатлари доирасида кузатувни давом эттиришини билдирган.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ҳам расмий муносабат бериб, ҳолат агентликнинг масъул ходимлари томонидан назоратга олинганини маълум қилганди.
Маълумот учун: 2026 йил 14 октябрдаги қонун билан Жиноят кодекси 118-моддаси 4-қисми санкцияси ўзгартирилиб, бундай қилмиш учун 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Қонун 2026 йил 15 октябрдан кучга кирган.
Эски таҳрирда 118-модданинг 4-қисмидаги қилмиш, яъни ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилганди.













