Эртакларда ҳеч бўрининг айёрлик қилганини, ялтоқланганини эшитганмисиз. Йўқ, албатта. Аксинча ўзининг соддалиги билан доим айёрларга чув тушиб юришидан хабардормиз. Эртаклардаги бундай образ ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Бўрининг ўзига хос характери, феъл-атвори бор. Унинг табиатида айёрлик қилиш, ялтоқланиш, ожизларча бўйсуниш каби хусусиятлар мавжуд эмас. Бу жонзот ўз ҳолича мард, адолатли ва озод. Бу озодлигини бой бергандан кўра ўлимни афзал билади.

Одам-чи? Инсон бўричалик ҳам эмас. Биз одамларда минг бир қиёфа мавжуд. Истаган ниқобимизни вазият тақозоси билан хоҳлаганча алмаштира оламиз. Бизда тулкининг ҳам, қўйнинг ҳам, шер-у маймуннинг ҳам, умуман, ҳамма ҳайвоннинг характери, хусусияти топилади. Ҳерман Ҳессенинг “Чўл бўриси” асарида бош қаҳрамон Ҳарри Ҳаллернинг ботинида бўри ва одам бир-бири билан доимий курашда экани акс этади.

Сюжет:

Асар Ҳаллер ижара уй сўраб бир аёлнинг панционига келишидан бошланади. Ижарага қўювчи аёлнинг жияни ҳам айни шу панционда истиқомат қиларди. Аввалига у ғаройиб табиатли Ҳаллерни унча ёқтирмайди. Унинг хатти-ҳаракатларига энсаси қотади. Аммо бир неча бор суҳбатлашгач фикри ўзгаради. Ҳаллернинг бошқа одамларга ўхшамаслиги, балки буюк шахсларга хос фикрлайдиган билимли инсон эканини фаҳмлайди. Асар айни шу одам тилидан ҳикоя қилинади.

Бир куни Ҳарри Ҳаллер бирдан панционни тарк этади. Ҳикоячи унинг хонасидан эсдаликлар дафтарини топиб олади. Бу эсдаликнинг биринчи сарлавҳасига “Фақат жиннилар учун” деб ёзилган эди...

Эсдаликка кўра, Ҳаллер кўчалар бўйлаб юрганида ёшгина йигитни учратиб қолиб, ундан “Чўл бўриси ҳақида трактат” китобини сотиб олади. Бу трактатда у ўзининг руҳиятига ўхшаш ярим “одам” ва ярим “бўри” киши ҳаётидан хабардор бўлади. Муаммо шундаки, бу иккала қалб мунтазам равишда баҳслашиб яшайди.

Китобдан таъсирланган Ҳаллер ҳаётини ўзгартирмоқчи, ўзини ўзгалар каби рисоладагидек тутмоқчи бўлади. У таниши – профессорникига меҳмонга боради. Профессор уни кечки пайт ўзиникида бўладиган зиёфатга таклиф этади. Ҳаллер ноилож рози бўлади. Аммо зиёфада бўладиган такаллуф, мулозаматлар, соҳталикларни ўйлаб юраги сиқиларди. Ичидаги бўри бундай масхараомуз вазиятларда исён кўтарарди. 

Зиёфат пайтида Гётенинг портретини кўриб қолади. Бу сурат Ҳаллерга ёқмайди. Уй эгасига суратдаги одам Гётега сираям ўхшамаганини айтади. Уни профессорнинг аёли чизган эди. Ўртада ноқулай вазият юзага келади ва Ҳаллер бутун зиёфат давомида тақиб юришга мажбур бўлган “ниқобини” ечиб ташлайди ва ҳамма нарсани рўйи-рост гапира бошлайди. Профессор билан баҳслашиб уни хафа қилади. Шундай машъум баҳслашувдан кейин у ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Бироқ айни пайтда бундан қўрқарди ҳам. Ўзича ичидаги иккинчи шахс — “бўри” менинг устимдан куляпти деб ўйлайди. Иккиланиб уйига боргиси келмайди, шаҳар бўйлаб токи “Қора бургут” меҳмонхонасида бир қизни учратгунга қадар тентираб юради. У қиз ҳузурида бироз таскин топади ва ундан ўзига оналар каби ғамхўрлик қилишини сўрайди. Қиз жуда ажойиб эди, Ҳаллерни сўзсиз тушунарди. Унинг фикр-хаёлини ўқиб турарди. Ҳаллер уни ёшлигидаги Ҳермин исмли дўстига ўхшатгани учун Ҳермина дея атай бошлайди.