Қўшма Штатларнинг ўнлаб штати, жумладан Калифорния ва Ню-Йорк Meta Platforms ва унга тегишли бўлган Instagram ижтимоий тармоғига қарши судга даъво аризаси берди. Корпорация ёшлар орасида «руҳий саломатлик инқирозини қўзғатиш» ва ижтимоий тармоқларга қарамликни келтириб чиқаришда айбланган.
Окленд (Калифорния штати) федерал судига берилган даъво аризасида 33 штатнинг бош прокурори Meta корпорацияси ижтимоий тармоқларнинг болалар ва ўсмирларга таъсири ҳақида «жамоатчиликни қайта-қайта чалғитгани» ва уларни ўз платформаларидан мажбурий фойдаланишга «била туриб» ундагани айтилади (Meta корпорацияси Facebook ижтимоий тармоғи ва WhatsApp мессенжерига ҳам эгалик қилади).
«Meta ёшлар ва ўсмирларни ўзига жалб қилиш ва охир-оқибат тузоққа тушириш учун кучли ва мисли кўрилмаган технологиядан фойдаланган», дейилади аризада. Штат расмийлари фикрига кўра, корпорация буларнинг барчасини фойда олиш учун қилган. Даъвогарлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш болаларда «депрессия, ташвиш, уйқусизлик, мактаб ва кундалик ҳаётга салбий таъсир ва бошқа кўплаб салбий оқибатлар»ни келтириб чиқариши ҳақидаги тадқиқотларга таянган.
Мурожаатчилар, шунингдек, Meta корпорациясининг ички текширувини ҳам эслатиб ўтган: корпорация раҳбарияти Instagram тармоғининг ўсмирларга салбий таъсири, жумладан, қарамликка ва қизларда ўз ташқи кўринишини идрок этишда муаммоларга олиб келиши мумкинлигини билган. Бу текширув натижалари ҳақида биринчи марта The Wall Street Journal 2021 йил сентябр ойида ёзган эди.
«Meta корпоратив даромадни ошириш учун қарамликни ривожлантириш орқали болалар ва ўсмирларга зарар етказмоқда», деди Калифорния бош прокурори Роб Бонта. Корпорация қароргоҳи айнан шу штатда жойлашган.
Даъвогарлар, шунингдек, корпорацияни 13 ёшгача бўлган болаларнинг маълумотларини йиғишни тақиқловчи қонунни бузганликда, вояга етмаганлар ижтимоий тармоқларда ўз жонига қасд қилиш ёки ўз аъзоларига зарар етказиш ҳақидаги контентни кўриши мумкинлигида айбламоқда.
Meta маълум бир штатдаги турли қонунларнинг ҳар бир бузилиши учун 1 минг доллардан 50 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин. Reuters агентлигининг қайд этишича, миллионлаб болалар ва ўсмирлар Instagram тармоғидан фойдаланиши ҳисобга олинса, бу қиймат каррасига ошади.
Бу хабар ортидан, 24 октябр куни тушдан кейин NASDAQ биржасида корпорация акциялари 0,6 фоизга арзонлашган.

















