27 октябр куни «ICTWEEK UZBEKISTAN — 2023» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди.
Тизимнинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин. Бу жараёнда мобил алоқа абонентларига улар бошқа операторга кўчганда ўз абонент рақамини сақлаб қолиш имконияти тақдим этилади. Бу рақам йўқотилишининг олдини олиши ҳамда алоқа операторлари томонидан рақам ресурсларидан янада оқилона фойдаланилишига хизмат қилиши кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Mobi.uz, Ucell, UZTELECOM, Humans каби 5 та мобил алоқа оператори фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан мижозларга мобил алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Агар хизматдан фойдаланиб, мобил алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва кўринишини сақлаб қолади.
Рақамни сақлаган ҳолда компанияни ўзгартириш қуйидаги 4 босқичда амалга оширилади.
1-босқич
Телефон рақамни бошқа уяли алоқа операторига улаш учун янги компания офисига ариза билан мурожаат қилинади. Бунда рақам расмийлаштирилган шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома)ни олиб бориш лозим.
Айни вақтда рақамни онлайн ўзгартириш имконияти мавжуд эмас.
2-босқич
Ариза берилган вақтдан бошлаб, агар барча шартлар бажарилган бўлса, рақамни кўчириш жараёни 10 дақиқагача давом этади. Тасдиқ жавобидан сўнг хизмат учун тўлов амалга оширилади.
Бир марталик тўлов абонент ўтаётган операторга тўланади, тўлов миқдори ҳар бир мобил алоқа оператори томонидан мустақил белгиланади. Ҳозирда аксар компанияларда мазкур хизмат учун ўртача 60 минг сўм миқдорида тўлов белгиланган.
3-босқич
Оператор абонент аризасини қабул қилади, у билан янги келишув тузади ва абонентга вақтинчалик рақамга эга янги SIM-карта топширади. Вақтинчалик рақам назарда тутилган операторга бириктирилган рақамлар тўпламидан танлаб берилади, янги SIM-карта эса абонент томонидан аризада кўрсатилган тариф режасига уланган бўлади.
Келишув тузилган вақтда вақтинчалик рақамга эга SIM-карта фаол бўлади ва абонент унинг рақами фактга кўра янги операторга ўтказилгунига қадар ҳам янги алоқа оператори (resipient-operator) хизматларидан фойдаланиши мумкин.















