Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Жон Ли 26 октябр куни йиллик сиёсий ҳисоботида 2026 йилгача ҳар бир туғилган фарзанд учун ота-оналарга 2 минг 556 АҚШ доллари миқдорида пул тўланишини таъкидлади

Маълумотларга кўра, Ҳонгконгда туғилиш кўрсаткичлари анча пастга тушиб кетган. Аҳоли барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган туғилиш коэффициенти 2,1 нафардан тўғри келса, Ҳонгконгда бу билан боғлиқ рақамлар рекорд даражага тушиб кетган. Масалан, ҳудудда ҳар бир аёлга туғилиш 0,9 нафардан тўғри келмоқда. 

Жон Ли уй сотиб олувчилар учун давлат божини 15% дан 7,5% гача камайтириш ҳақидаги бир қатор молиявий чораларни эълон қилган. Бу чоралар ҳар бир фарзанди ва янги чақалоқлар учун йиллик солиқ имтиёзларини оладиган ёш ота-оналарга янаям қулайлик бўлиши кутилмоқда. Бу ёрдамлар ўта сахийлик бўлиб кўринса-да, туғилиш пасайиб бориши билан курашаётган Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги имтиёзлардан фарқ қилади. 

Масалан, туғилиш коэффициенти 1,05 бўлган Сингапурда биринчи ва иккинчи фарзанд учун 8 минг 36 АҚШ доллари, учинчи фарзанд учун 9 минг 497 АҚШ доллари миқдорида нафақа берилади. Шунингдек, фарзанд дунёга келгач оталар учун тўрт ҳафталик, ҳомиладор аёллар учун 16 ҳафтагача таътил белгиланган. Қолаверса, ота-оналик учун ҳақ тўланмайдиган таътил ва ишлайдиган оналарга солиқ имтиёзлари берилиши ҳам бор. 

Туғилиш коэффициенти 0,78 бўлган Жанубий Корея ҳозирда бола бир ёшга тўлгунга қадар ойига 518 доллар ажратади, келгуси йилда бу кўрсаткич 740 долларга кўтарилиши кутилмоқда.

Японияда туғилиш коэффициенти 1,3. Шу сабаб япон ота-оналар ҳар бир янги туғилган чақалоқ учун икки ёшга тўлгунга қадар ойига 107 доллар миқдорида нафақа олади. Уч ёшдан ўрта мактабгача бўлган ҳар бир бола учун ойига 66,7 доллар берилади. 

Бериладиган бир марталик пул ҳеч нарсани қопламайди

CNN билан суҳбатлашган аксарият ота-оналарнинг айтишича, фарзанд кўришга ундашга қаратилган бу каби чоралар Осиёнинг энг қиммат шаҳарлари рўйхатида турган Ҳонгконг учун етарли бўлмайди. Боиси нархлар ҳақиқатан ҳам юқори.