Абдумалик Асқаров ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб, қадоқ тагига яширин жойланган сифатсиз мева-сабзавотларни ошкора танқид қилади. Ўзбекистон имижига путур етказаётгани учун деҳқон ва брокерларга танбеҳ беради.
“Боғбонларимиз маҳсулотларни “ўқлаши”, хом узиши ёки чириган меваларни ҳам экспортга чиқариб юбораётгани Ўзбекистоннинг ташқи бозордаги нуфузига путур етказмоқда.
Россия бозорларини Хитой, Туркия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон эгаллаб бўлди”, дейди А.Асқаров.
Жамоатчилик кенгаши раиси чет элда Ўзбекистон мева-сабзавотларига бўлган талаб тушиб кетгани, бунинг сабаблари ва оқибатлари ҳақида сўзлаб берди:
“Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманиданман. Авваллари ижтимоий тармоқ унчалик ривожланмагани учун чет элга сифатсиз, “ўқланган” мева-сабзавотлар чиқарилаётганини кўпчилик билмас эди. Четга чиққан юк ортидан “ўқланган экан”, “олган мевам хом чиқди”, “таги ёмон чиқди” мазмунидаги видеоларга кўзим тушар, йиллар давомида бу ҳолат таъбимни хира қиларди....

2024 йилда юртдошларимиз Москва, Уфа, Самара, Новосибирскка бориб, маҳсулотларимиз етиб борган бозорларни ўрганишди. Шундан сўнг асл вазият намоён бўла бошлади. У ердаги тадбиркорлар “ўзбек маҳсулотининг сифати тушиб кетди, ишонч қолмади, дея чиқиш қилганидан кейин менда ҳам экспорт қилинаётган маҳсулотларни назорат қилиш ғояси пайдо бўлди. Ватанимиз имижини кўтариш учун қатъий бел боғладим... Бугун эса жамоатчилик кенгаши раисиман. Мевалар терилаётган жойга бориб деҳқонлар, брокерлар билан тортишаман, асабим бузилади, аниқроғи ҳеч кимга ёқмайман. Лекин аниқ айта оламанки, мен тўғри йўлдаман.
Тўғри ишлаётган деҳқонлар зўр натижаларга эришяпти. Қилаётган ишидан фахрланади, натижаси аъло. Брокерлар нима қиляпти? Брокерлар ҳам ўз устида ишлаяпти. Ўзбекистоннинг маҳсулоти дунёда биринчи ўринда бўлишини хоҳлайман. Менга бошқа нарса керак эмас.
Айрим қатлам бу хатони қилмасин, эртага биз бошқа давлатларда кулги бўлмайлик, бизнинг маҳсулотга бўлган ишончни яна уйғотайлик, деган мақсадда видеоларни ижтимоий тармоқларга қўйиб бораман. Қувонарлиси, видеоларимни млнлаб одамлар кўряпти. Видеоларим сабаб одамларнинг онги ўзгаряпти, қилган хатоларини тушуниб етишяпти. Маҳсулоти талабга жавоб бермаса, сота олмасликларини англаб етишяпти.

















