Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида саммитга аъзо давлатлар алоқаларини кенгайтиришга қаратилган таклифларини илгари сурди.

«Туркий давр» шиори остида ўтаётган бугунги саммитимизда кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларимизни янада кенгайтиришга қаратилган қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш бош мақсадимиздир.

Шу муносабат билан Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган «Туркий дунё хартияси»ни ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Ушбу ўзига хос рамзий қомусни соҳанинг етук олимлари ва экспертлар иштирокида тайёрлашни таклиф қиламан.

Иккинчидан, шу кунларда Туркий инвестиция фонди ўз ишини бошлайди. Давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кейинги босқичда Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини ҳам фаоллаштиришимиз керак. Ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштиришга тайёрмиз.

Учинчидан, Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаймиз. Келгусида Марказ имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, биргаликда савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур.

Тўртинчидан, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эга.

Юк ташувларига ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш чораларини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, қўшимча кўптармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш тарафдоримиз.

Давлатларимиз Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этишни ва бу тузилманинг дирекциясини юртимизда жойлаштиришни таклиф этамиз.

Бешинчидан, экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.