Автобуслар учун ажратилган йўлаклардаги ўнлаб камералар ишламаяпти. Паркоматлар лойиҳаси лойиҳалигича қолиб кетяпти. Кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш бўйича қарор ижроси эса боши берк кўчага кириб қолган.

2 ноябр куни Транспорт вазирлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” масъуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Kun.uz мухбири пойтахтдаги жамоат транспортига доир бир нечта масалалар юзасидан расмийлардан изоҳ сўради.

Автобус учун ажратилган бўлаклардаги камералар нима бўлди?

Шу йил бошида Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи автобусларга приоритет бериш учун кўчаларга махсус йўлаклар ташкил қилиниб, бу йўлаклардан қоидага хилоф равишда юрадиган ҳайдовчиларни жаримага тортиш учун жами 55 та видеокамера ўрнатилганди.

360 градусли камералар қоидабузарликларни қайд қилиб, тизимга юбориши, ички ишлар ходимлари буларни кўриб чиқиб, ҳақиқатан қоидабузарлик содир этганларни жаримага тортиши айтилганди.

Аммо қарийб бир йил ўтяптики, бу видеокамералар тўлиқ ишлаётгани йўқ. Шу сабабли махсус йўлакларда автомобилларнинг бемалол ҳаракатланаётгани ва ҳатто бу ҳолат автобуслар иштирокида ЙТҲларга сабаб бўлаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бу ҳақдаги саволга жавобан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи Мурод Мусахўжаев камералар маълум муддат ишламагани ва жарима ёзмаганини тасдиқлади.

“55 та кузатув камералари ўрнатилган эди. Жамоат хавфсизлиги бўлими ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бу камераларни тест режимидан ишлаш жараёнига ўтказдик. Жарималар белгиланмади, қўпол қилиб айтганда, у камералар янгисига ўзгартириб борилмоқда. Жараённи фиксация қиладиган, яъни ўша белгиланган “А” махсус йўлакларда тўхтаб турган, йўл белгисига амал қилмаётган ҳайдовчиларга жарима солиш камераларига ўзгартирилиб, шу кеча-кундузда бу ишлар амалга оширилмоқда”, – деди у.

Таъкидланишича, йил бошида ўрнатилган камералар билан ишлаш “мураккаб бўлгани учун” уларни ўзгартиришга қарор қилинган.