«Арсенал»да ҳакамларга эътироз кўп

«Нюкасл» – «Арсенал» 1:0
Гол: 1:0 – 64 Гордон.
«Нюкасл» – Поуп, Триппиер, Шер, Ласселс, Берн (Ливраменто, 46), Бруно Гимараэс, Лонгстафф, Алмирон (Мёрфи, 63; Ритчи, 79), Жоэлинтон, Гордон, Уилсон (Уиллок, 62).
«Арсенал» – Райя, Уайт (Зинченко, 73), Габриэл, Салиба, Томиясу, Жоржинио (Фабиу Виейра, 79), Райс, Ҳавертц, Мартинелли, Сака, Нкетиа (Троссар, 79).
Огоҳлантиришлар: Ҳавертц (37), Гордон (37), Лонгстафф (38), Шер (38), Бруно Гимараэс (88), Ливраменто (90).

Халқаро майдонларда «Милан» билан сафарда дуранг,  «ПСЖ» устидан йирик ғалаба, Англияда «Сити» ва «МЮ» мағлуб этилиши... Оқ-қораларнинг навбатдаги грандга қарши ўйини турнинг марказий учрашуви бўлиши кутилаётганди ва амалда ҳам мухлислар бу ўйинда зерикиб қолишмади.

Эдди Ҳау ҳафта ўртасида «МЮ»га қарши ўйинда (3:0) ротация қилишга ҳаракат қилди, аммо у қадар ўхшамади — жароҳатлар туфайли «қарғалар»нинг заявкаси қисқарди ва «Нюкасл»нинг асосий таркиб футболчиларининг аксари ўша куни ҳам майдонга чиқишига тўғри келди. «Арсенал»га қарши ўйинда Лонгстафф, Алмирон, Жоэлинтон ва бошқалар ҳам бошланғич таркибдан ўрин олди, бу йигитлар бир неча кундан кейин «Боруссия» билан ҳам ўйнаши керак.

Микел Артета ҳам кубок ўйинида ротация қилганди, аммо «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда ҳисоб йириклашиб кетгач, иккинчи бўлимда асосий футболчиларини барибир майдонга ташлашга қарор қилди ва якунда Эдегор битта жавоб голи урди (1:3). «Сент-Жеймс Парк» стадионига лондонликлар толиққан ҳолда ҳамда икки етакчи футболчиси Жезус ва Эдегорсиз ташриф буюрди.

Икки клуб ҳам бир неча фронтда кураш олиб бораётгани туфайли биринчи бўлимда голли вазиятлар деярли бўлмади, мухлислар сифатли футбол ўрнига тўқнашувлар гувоҳига айланди. Бўлим ўрталаридан ўтиб ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборди.

Ҳаверцнинг фоли ўйиндаги бурилиш нуқтасига айланди. «Арсенал»нинг германиялик яримҳимоячиси қанотда икки оёғи билан Лонгстаффга подкат қилди ва бу майдонда жанжал келтириб чиқарди. Ҳакам Стюарт Аттуэлл қоидабузарга сариқ карточка кўрсатди (футболчи рақибга оёқларини газондан узмаган ҳолда борди ва бутсасининг таг қисми билан зарба бермади), мезбон футболчилар эса фаоллик билан қизил карточка кўрсатишни талаб қилишди, натижада ҳакам уларни тинчлантириш учун уч кишига - Энтони Гордон, Фабиан Шер ҳамда жабрланувчи Лонгстаффнинг ўзига сариқ карточка кўрсатди.