15:20 / 11.11.2023
5525

Португалия президенти парламентни тарқатиб юборди

Португалия президенти бош вазир истеъфога чиққанидан сўнг парламентни тарқатиб юборди ва 10 мартда муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилди. 

Марселу Ребелу ди Соуза Фото: Armando Franca/AP Photo/picture alliance

Португалия президенти Марселу Ребелу ди Соуза бир палатали парламент –   Республика ассамблеясини тарқатиб юборди ва муддатидан олдин сайловларни 2024 йил 10 мартга тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбари 9 ноябр куни кечқурун, коррупция можароси туфайли бош вазир Антониу Кошта истеъфога чиққанидан икки кун ўтиб халққа телемурожаатида маълум қилди

Ди Соуза парламентдаги партиялар ва президент ҳузуридаги маслаҳат органи – Давлат кенгаши билан маслаҳатлашувлардан сўнг парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унинг сўзларига кўра, у вазиятга «кўпроқ ойдинлик» киритмоқчи ва сайловлар орқали «халққа овозни қайтариш» йўли билан ҳукуматга «кучли йўналиш» бермоқчи. 

Сайловларгача Кошта Португалия бош вазири вазифасини бажарувчи бўлиб қолади, бу 2024 йил учун давлат бюджетини тасдиқлаш имконини беради, бу борада овоз бериш 29 ноябрга белгиланган. 

Португалиядаги коррупция можароси 

7 ноябр куни 2015 йилда бош вазир лавозимини эгаллаган Антониу Кошта ўз қароргоҳида ўтказилган тинтувлардан бир неча соат ўтгач, «юзага келган вазиятда» республика президентига истеъфога чиқиш ҳақида ариза берганини маълум қилди. 

Аввалроқ маҳаллий ОАВ полиция томонидан нафақат Коштанинг қароргоҳида, балки Инфратузилма ва Атроф-муҳит вазирликлари ҳамда бошқа биноларда ҳам кенг кўламли тинтувлар ўтказгани ҳақида хабар берган эди. Оммавий ахборот воситаларига кўра, жами 40 га яқин бино тинтув қилинган. Бундан ташқари, беш киши, жумладан Кошта маъмурияти раҳбари Витор Эшкариа, Синиш шаҳри мэри ва бир қанча тадбиркорлар қўлга олинган. Португалия прокуратураси бу маълумотни тасдиқлади. 

Прокуратура маълумотларига кўра, тинтувлар ноқонуний фаолият, жумладан, порахўрлик ва Португалия билан Испания чегараси яқинидаги Монталегре минтақасида литий қазиб олиш учун имтиёзлар беришдан фойда олиш, шунингдек, Синиш шаҳри яқинида «яшил водород» ишлаб чиқариш бўйича гумонлар фонида ўтказилган.

Top