Ноябр ойи бошларида Украина қуролли кучлари 128-алоҳида тоғ-штурм бригадаси жангчилари Запорижжя областидаги тақдирлаш маросими вақтида россияликлар зарбасига учради. 19 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган. The Washington Post журналистлари омон қолганлар билан гаплашди. Ҳарбийлар маросим ташкил этилишини советларнинг Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги тарғибот филмлари кадрлари билан солиштирган ва тақдирлашни нима учун россияликларнинг ракеталари етиб кела оладиган ҳудудда — очиқ осмон остида ўтказишга қарор қилишганидан ажабланишган.
3 ноябр тонгида УҚК 128-алоҳида тоғ-штурм бригадаси жангчилари Запорижжя области Заречне посёлкасида Артиллерия куни шарафига медаллар топшириш маросимига йиғилади — бу фронт чизиғидан тахминан 30 километр ичкарида рўй берган. The Washington Post нашри қайд этишича, Украина ҳукумати ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳини кўтариш учун фойдаланадиган бундай маросимлар советлар даврининг ҳарбий анъаналарини давом эттириш ҳисобланади.
«Совет даври қайтди, — деган 128-бригаданинг журналистлар билан аноним шартида гаплашган ҳарбий хизматчиларидан бири. — Бу Россиянинг Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги пропаганда филмларини эслатади».
Россия армияси соат эрталаб 10 атрофида — тақдирлаш маросими бошланганидан 10 дақиқа ўтиб зарба йўллаган. Бу ерда бир ёки икки ракета портлаган. Украина ҚК маълумотига кўра, бу «Искандер-М» ракетаси бўлган. Камида 19 нафар ҳарбий хизматчи, жумладан бир неча офицерлар ҳам ҳалок бўлган. Яна ўнлаб ҳарбийлар жароҳат олган.
Ҳодиса ҳақидаги хабар украин нашрларида 4 ноябр куни кечқурун пайдо бўла бошлади. The Washington Post суҳбатдошларидан бирининг тасдиқлашича, агар ҳарбийларнинг қариндошлари ижтимоий тармоқларда «шовқин кўтармаганида», бу воқеа ҳақида «ҳеч ким билмай қолган ҳам бўларди».
Кўп ўтмай Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва «фожиа»нинг барча тафсилотларини синчковлик билан текширишга топшириқ берди, аммо айнан нима рўй берганига тўхталмади. Кейинги куни 128-бригаданинг асосий базаси жойлашган Карпаторти области раҳбари Виктор Микита қурбонлар хотирасига уч кун мотам эълон қилди. Кейин бригаданинг ўзи ҳам Запорижжя областида россияликлар ракета зарбаси оқибатида ҳарбийлари ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Қанча ҳарбий ҳалок бўлиб, қанчаси яралангани аниқ эмас. Бригаданинг ўзида 19 нафар ҳарбий хизматчининг ўлими тасдиқланган. Украина Олий радаси депутати Олексий Кучеренко 28 қурбон ва 53 ярадор ҳақида хабар берганди. The Washington Post билан суҳбатда бригада ҳарбий хизматчиларидан бири 21 нафар қуролдоши ўлими ҳақида айтган. «Зарба вақтида қанча одам яралангани ёки ҳалок бўлганини аниқ айтиш қийин. Отишмадан кейин 21 жасад саналганди. Ҳоспиталдагиларнинг барчаси яшаб кетгани номаълум», — деган у.














