British Management University (BMU) янги кампусининг тантанали очилишига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди. Янги кампуснинг манзили – Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Бобур кўчаси, 35.

Тантанали очилиш маросимига фахрий меҳмонлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг департамент раҳбари Одил Абдураҳмонов, Буюк Британия Лордлар палатаси вакили лорд Вейверли ва Ўзбекистондаги Британия кенгаши директори мисс Денис Вадинхам ташриф буюрди. Шунингдек, тадбирда Буюк британиялик ҳамкор ОТМ: University of Reading ва Queen Margaret University вакиллари, University of Cambridge ўқитувчилари, BMU раҳбарияти, ўқитувчилари ва талабалари, машҳур блогерлар ва инфлюэнсерлар қатнашди.

BMUʼга келган меҳмонлар дастлаб кампус бўйлаб экскурсияга таклиф этилди, унинг ўта замонавий инфратузилмаси ва жиҳозланиши меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. Экскурсиядан кейин очилиш маросимининг расмий қисми бошланди, унда фахрий меҳмонларнинг қутлов сўзлари, ифтихорга тўла мулоҳазалар ва эзгу тилаклар янгради. Чиқишлар якунланганидан кейин фахрий меҳмонлар рамзий тугмани босиш орқали кампус ишига старт берди. BMU янги кампусининг тантанали очилиши амалга ошди!

Маросим доирасида университет раҳбарияти намунали академик ўзлаштиришга эга талабаларни ва жамоатчи-фаолларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Тантанали маросимни рақс жамоалари ва ўзбек эстрадаси санъаткорлари иштирокидаги ажойиб кўнгилочар дастур якунлади.

BMU ректори Конрад Озог: “Янги кампуснинг қурилиши талабгир ихтисосликлар бўйича қулай таълим олиш ва ўз соҳаларида ҳақиқий етакчи бўладиган билимдон раҳбарларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратиш имконини берди. Тошкентдаги Британия Менежмент университети улкан режаларга эга ва янги кампусда биз уларнинг бирортасини қолдирмай амалга оширишни ҳамда ёш иқтидорларга жаҳон стандартларига мувофиқ олий таълимга эга бўлиш, муваффақиятли ишга жойлашиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти фойдасига ишлаш имкониятини тақдим этишни режалаштирганмиз”.

Университетнинг янги ҳудуди

British Management University – Ўзбекистондаги жаҳон миқёсидаги университет Тошкентда 2020 йил 8 майда ташкил топган. Дастлаб машғулотлар пойтахт марказидаги кичик кампусда ўтказилган. Икки йилдан оз муддатда, энг яхши мутахассислар қатнашиши, илғор махсус техникадан ва материаллардан фойдаланиш эвазига умумий майдони 44 000 м2га тенг замонавий эко-кампусни қуриш лойиҳаси амалга оширилди. 5 гектар майдонда ўқув ва маъмурий корпуслар, ётоқхона, спорт билан шуғулланиш ва очиқ ҳавода дам олиш инфратузилмалари, кафе, китоб дўкони ва коворкинг-ҳудудлар жой олди. Бундан ташқари, BMUʼнинг янги кампусида имкониятлари чекланган инсонлар учун барча шароитлар яратилган.