Россия давлат ахборот агентликлари «Днепр» гуруҳи қўмондонлиги Днипро дарёси ёқасидаги қўшинларни шарққа олиб кетишга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатди. Бундай хабар 13 ноябр куни соат 11 да РИА Новости ва ТАСС томонидан эълон қилинди. «Мавжуд вазиятни баҳолаб, „Днепр“ гуруҳи қўмондонлиги қўшинларни Днепрнинг шарқидаги қулайроқ позицияларга ўтказишга қарор қилди, деб хабар қилди Россия мудофаа вазирлиги. Вазирлик қайта гуруҳлаш ишларидан сўнг, „Днепр“ бошқа йўналишларда ҳужум пайтида ишлатиладиган кучларнинг бир қисмини озод қилишини қайд этган»,— дейилган РИА Новости телеграм-каналида жойлаштирилган хабарда.
Тахминан 10 дақиқа ўтиб давлат ахборот агентликлари ўз хабарларини ўчириб юборди. ТАСС «қайта гуруҳлаш» тўғрисидаги хабар «хатолик» билан чиқиб кетганини маълум қилган. «Биз обуначиларимиз ва ўқувчиларимиздан узр сўраймиз», — дейилади иккинчи хабарда. «2023 йил 13 ноябр куни соат 10:50 да „,Днепр‘ гуруҳи қўшинлари нисбатан қулайроқ позицияга ўтказилаётгани“ тўғрисидаги хабар бекор қилинди», — дейилади РИА Новости сайтида.
РФ мудофаа вазирлиги «қайта гуруҳланиш» тўғрисидаги хабарни «провокация» деб атаган. «Россия Мудофаа вазирлиги матбуот маркази номидан Днипро ҳудудида қўшинларнинг гўёки „қайта гуруҳлангани“ ҳақидаги ёлғон хабар тарқалиши провокациядир», — дейилган РБК сўровига жавобан вазирликда. «Осторожно, новости» телеграм-канали РИА Новостидаги манбасига таяниб хабар беришича, агентлик қўшинлар олиб кетилиши ҳақидаги маълумотни РФ мудофаа вазирлигининг «тахминларга кўра, Украина ҳудудидан туриб юритиладиган» сохта аккаунтидан олган. Буни тасдиқловчи бошқа манбалар йўқ.
РФ президент матбуот котиби Дмитрий Песков барча саволлар россиялик ҳарбийларга берилиши кераклигини билдирди. «Бу нима бўлганда ҳам мутахассислар, профессионалларнинг, яъни бизнинг ҳарбийларнинг ҳуқуқи», — деган Кремл расмийси.
Украина армияси «қайта гуруҳланиш» тўғрисидаги хабарни «Украинага қарши ахборот хуружи» деб атаган. Миллий қаршилик маркази (Украина ҚК махсус амалиётлар кучлари томонидан тузилган) эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бу ҳудудда Россия қўшинларининг ҳаракатида ўзгаришлар қайд этилмаган.
Фронтнинг мазкур участкасидаги вазият ҳақида қисқача
Украина қўшини бир йил муқаддам Херсонни озод этган, Россия армияси эса ярим йилдан ортиқ вақт давомида оккупация остида бўлган ҳудудларни ташлаб чекинган ва Днипро дарёсининг чап соҳилида янги мудофаа чизиғини барпо этишга киришганди.
Херсон йўналишида (Россия томондан бу йўналишга «Днепр» гуруҳи жавоб беради. 2023 йил октябр ойи охирида «Днепр» қўшинлари гуруҳи қўмондонлигига генерал-полковник Михаил Теплинский тайинлангани маълум бўлди.) жиддий ўзгаришлар йўқ. Сўнгги кунларда украин ҳарбийлари дарёнинг чап соҳилига ўтиб, асосий ўзан ва унинг ирмоғи — Конка дарёси оралиғидаги ҳудудда янги позицияларда ўрнашишга ва плацдармни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. BBC маълумотига кўра, ўтган ҳафтада украин қўшини Кринки посёлкасининг катта қисмини эгаллаган ва бу ерга оғир техникаларини олиб ўтган. Аммо қишлоқнинг шарқий қисмини россиялик ҳарбийлар ўз назоратида ушлаб турибди. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари дарёнинг чап соҳили бўйлаб — Херсондан Нова Каховкагача — тахминан 10–20 километр ичкаридаги позицияларга дронлар орқали ҳам ҳужум қилмоқда ва артиллерия зарбалари йўлламоқда. Украина қуролли кучларидаги манба украин ҳарбийлари ушбу позициядан нисбатан кенгроқ кўламдаги юришни бошлаш — Россия қўшинларини бўлиб юбориш ҳамда уларнинг таъминот линиясини кесиб қўйишни мақсад қилган.
















