Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити ўтказилди. Исроил агрессияси оқибатида Ғазодаги вазият кескинлашиб бораётгани учун икки ташкилот йиғилиши бирлаштирилди.
Саммитнинг умумий резолюциясида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари қораланди. «Биз Исроилнинг Ғазодаги агрессиясини, Ғарбий соҳил, Шимолий Қуддусдаги Фаластин халқига қарши колониал босқинчи ҳукумат томонидан ноинсоний ва ваҳшийларча амалга оширилаётган оммавий қотиллик кўринишидаги ҳарбий жиноятларни қоралаймиз. Бу агрессия тезда тўхтатилишини талаб қиламиз», дейилади баёнотда.
Исроилга қарши санкция таклифи рад этилди
Йиғилишда Исроил ва унинг асосий иттифоқчиси АҚШ манзилига кўп салбий гаплар айтилди, аммо бу баёнотлар амалий ҳаракатларга кўчмади. Масалан, Жазоир араб давлатлари томонидан Исроилга қарши санкциялар жорий қилиш лойиҳасини тақдим этди. Жазоир АҚШнинг Исроилга ёрдам беришда араб давлатларидаги ҳарбий базалардан фойдаланишига йўл қўймаслик, Исроил билан иқтисодий алоқаларни узиш таклифини ҳам билдирганди.
Жазоирнинг асосий таклифи эса нефт билан боғлиқ эди. Шимолий Африкадаги араб давлати қолган арабларни Исроилга нефт бермасликка, «қора олтин»дан Исроилга босим ўтказиш йўлида фойдаланишга чақирди. Аммо бу шунчаки таклифлигича қолиб кетди. Чунки Араб давлатлари лигасининг 11 аъзоси қўллаган ушбу таклифни лиганинг икки асосий давлати – Саудия Арабистони ва БАА, шунингдек, Марокаш ҳамда Баҳрайн қўллаб-қувватламади.
Экспертлар фикрича, араб давлатлари саммит олдидан ҳам Исроилга қарши қандайдир санкция киритиш ҳақида ўйламаган. Жазоирнинг таклифини «пиар юриш» деб атаганлар ҳам бўлди.
Times of Israel нашри ёзишича, саммитда Исроил самолётларининг араб давлатлари осмони узра учишини тақиқлаш ҳам таклиф қилинган. Аммо бу таклиф Саудия Арабистони, БАА, Иордания, Миср, Судан, Марокаш, Мавритания ва Жибути томонидан қўллаб-қувватланмаган.

Бунақаси аввал бўлганди
Жазоир томони Исроилга қарши санкциялар доирасида бежиз нефтдан фойдаланиш кераклигини илгари сурмаган. Чунки бунақаси аввал ҳам бўлган. 1973 йилги араблар ва Исроил ўртасидаги «Қиёмат куни уруши» вақтида ОПЕК аъзоси бўлган барча араб давлатлари, шунингдек, Миср ва Сурия урушда Исроилни қўллаган Британия, Канада, АҚШ, Нидерландия ва Японияга нефт сотмаслигини эълон қилади.


















