17 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. 

Қайд қилинишича, ҳозир вилоятда иқтисодий салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаяпти. 

– Сурхондарёда жуда катта иқтисодий салоҳият, ерости ва ерусти бойликлари, мард, меҳнаткаш халқи бор. Ҳозирча бу салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаяпти. Шароит яратиб, иш ўрни, инвестиция, экспорт ва тушумни карра-карра ошириш лозим, – деди давлат раҳбари. 

Шу боис келгуси йили вилоятда 1,5 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 12 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 миллион долларга етказиб, 100 миллион доллар импортни қисқартириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. 400 минг аҳолини банд қилиш вилоят ва туман ҳокимларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги айтилди. 

Вилоятга инвестиция жалб қилиш ва саноатни ривожлантиришдаги энг катта захира – бу мавжуд конларни ишга солиш экани таъкидланди. 

Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Тоғли ҳудудларда геология-қидирув ишларини кенгайтириш вазифаси қўйилди. 

Сурхондарё ўзининг табиий тупроқ-иқлим шароити билан эртаки маҳсулотларни етиштиришда биринчи ўринда бўлиши мумкин. Лекин, ҳосилдорлиги юқори уруғ ва кўчат билан таъминлашда муаммолар бор. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 10 та туманда in vitro лабораторияларини ташкил қилиш топширилди. 

Келгуси йилда дала четларида қуритиш ва саралаш ускуналари ҳамда 70 та кичик совуткичлар ўрнатилади. 100 минг гектарда ихчам иссиқхоналар ташкил қилиб, барра пиёз, брокколи, розмарин, руккола, қизил райҳон, ялпиз каби экспортбоп экинлар етиштирилади. 

Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Олтинсойда 6 та сақлаш, қуритиш ва саралаш маркази, Термиз туманида Жанубий Корея билан бирга 50 миллион долларлик логистика хаби ташкил этилиши белгиланди. 

Ингичка толали ғўза 15 фоизгача кам сув талаб қилади ва эрта пишади. Шу боис бундай ғўза навлари майдонини 50 минг гектаргача кенгайтириш, уни қайта ишлашни 30 фоизга етказиш, молекуляр генетика ва селекция бўйича қўшма лойиҳа ва замонавий лаборатория ташкил этишга топшириқ берилди.