Россияда «Орехов жиноий гуруҳи» деб аталган жиноий тўда киллери, «Саша Солдат» лақабли Александр Пустовалов 2023 йил 18 ноябр куни озод қилинган.

У 16 ноябр куни Твер вилояти Монино қишлоғидаги қаттиқ тартибли колониядан Торжокдаги колонияга ўтказилган. Киллер айнан ўша ердан озод қилинган.

Пустовалов ОАВ эътиборини тортмаслик учун колонияни яширинча тарк этган.

Жиноят олами етакчилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўлдирган Александр Пустовалов умумий ҳисобда 24 йил қамоқда ўтирди. У 1999 йилда 30 дан ортиқ одамни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган ва 24 йилга қамалганди.

У озод қилинганидан кейин уч йил давомида полицияда рўйхатдан ўтиши керак, шунингдек, Москвадан чиқиб кетиши ва тунда кўчага чиқиши тақиқланган.

Хўш, «Саша Солдат» кимларни ўлдирган ва унинг ушланиши жараёни қандай бўлган? Қуйида шу ҳақида ҳикоя қиламиз.

ИИВга ишга кирмоқчи бўлган йигит қандай қилиб жиноятчига айланди?

Александр Пустовалов 1973 йилда Москвада туғилади. Бола камбағал оилада отасиз ўсади – уни боғчада ишлайдиган онаси тарбиялайди. Мактабда Пустовалов дзюдо билан шуғулланади ва пианино чалишни ўрганади. Ўқишдан бўш вақтларида у «Халқ отряди»да ишлаб, милицияга ёрдам беради.

Саккизинчи синфни тугатгандан сўнг ўсмир заводлардан бирига ишга киради. Ҳамкасблари уни анча қобилиятли, тажрибали, ҳунармандлар бош қотирадиган муаммоларни ҳал қила оладиган меҳнаткаш ва топқир ишчи сифатида эслашади.

1991 йилда Александр Пустовалов армия сафига чақирилади ва денгиз пиёда қўшинлари корпусига қўшилади. 1993 йилда уйга қайтгач, йигит Ички ишлар вазирлигининг тезкор отрядига ишга киришга ҳаракат қилади.

Аммо олий маълумоти бўлмагани учун уни ишга қабул қилишмайди. Пустоваловга пост-патрул хизматида ишлаш таклиф қилинади, бироқ у рад этади.

Ана шундай кунларнинг бирида Александрни 90-йилларда Москвадаги «Орехов» уюшган жиноий гуруҳи пайқаб қолади.

Бу шундай содир бўлганди: кунларнинг бирида Пустовалов барда ўтирганида у ерга босқинчилар ҳужум қилишади. Александр уларнинг барчасини осонгина ер тишлатади.

Шунда барда бўлган жиноий гуруҳ аъзолари уни кўз остиларига олиб қўйишади ва кўп ўтмай Пустоваловга «қўриқлаш компанияси»да ишлашни таклиф қилишади.