Жаҳон | 09:34 / 21.11.2023
4665
3 дақиқада ўқилади

Киевга ташриф: Остин Украинага АҚШ қўллаб-қувватлови давом этишини ваъда қилди

Қўшма Штатлар иттифоқдошлари билан биргаликда Украинани Россиядан ҳимоя қилишда ёрдам беришда давом этади, дея Киевга эълон қилинмаган ташриф билан келган Пентагон раҳбари Володимир Зеленскийни ишонтирди.

Фото: Twitter / SecDef

АҚШ «Конгрессдаги республикачиларнинг қаршиликлари кучайиши ва жанг майдонидаги муваффақиятсизликларга қарамай» Украинани Россияга қарши мудофаа ҳаракатларида қўллаб-қувватлашда давом этади. Киевга эълон қилинмаган ташриф билан келган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина раҳбариятини бунга ишонтирди. Пентагон раҳбарининг сўзларини 20 ноябр, душанба куни Американинг The Washington Post газетаси Остин бошчилигидаги делегациянинг номи ошкор этилмаган аъзоларига таянган ҳолда келтирди.

Америкалик вазирнинг ўзи Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувдан сўнг Х ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда Украинани бевосита жанг майдони ва узоқ муддатли мудофаа эҳтиёжларини қондиришда қўллаб-қувватлашда давом этамиз». Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Украинани кучли қўллаб-қувватлашини тасдиқлаш учун ўзининг Украина президенти билан учрашуви «шарафдир».

Остин «Рамштайн» форматидаги 17-учрашувга мезбонлик қилади

Ллойд Остин билан биргаликда НАТОнинг Европадаги иттифоқчи кучлари олий қўмондони, генерал Кристофер Каволи Киевга етиб келди. Пентагон сайтида таъкидланишича, ушбу ташриф давомида АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбари Украина раҳбарияти билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, «Украина қуролли кучларини зарур бўлган жанговар имкониятлар билан таъминлаш масалаларини муҳокама қилмоқчи».

Шу ҳафта охирида америкалик вазир Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги 17-йиғилишни ўтказади, у онлайн тарзда бўлиб ўтади. Учрашувда 50 га яқин давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

АҚШ парламентининг Украинага ёрдами сўроқ остида қолмоқда

Қўшма Штатлар Украинанинг асосий иттифоқчиси ва ҳарбий ёрдам ҳажми бўйича етакчи ҳисобланади. Украина уруши бошланганидан бери Вашингтон Украина томонини қўллаб-қувватлаш учун 60 миллиард доллар ажратди. Америка расмийларига кўра, жорий йилнинг ноябр ойи бошига келиб Қўшма Штатлар ушбу маблағнинг 96 фоизини сарфлаб бўлган.

Президент Жо Байден октябр ойида АҚШ парламентидан Украинага 61,4 миллиард доллар, Исроилга эса 14,3 миллиард доллар ёрдам кўрсатишни маъқуллашни сўраган, бироқ демократлар ва республикачилар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли йиллик бюджет ҳали қабул қилинмади. Конгресснинг ҳар икки палатаси фақат вақтинчалик бюджетни маъқуллади, унда Украина ва Исроилга ёрдам назарда тутилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид