Ортда қолаётган ҳафта ҳам воқеаларга бой бўлди. Ғазода асирлар алмашилди, дунё сиёсатига яна бир телба президент кириб келди. Қозоғистон президенти Тўқаев эса Путин ва бошқаларни кўп ҳам қўрқмасликка чақирди. Қуйида ҳафта давомида содир бўлган баъзи муҳим воқеаларни эслаймиз.

Ҳафта воқеаси

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси ҲАМАС ва Исроил ўлтасидаги вақтинча сулҳ бўлди. Томонлар 4 кун давомида ўт очиш режимини тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишиб олишди. Келишувга кўра, ҲАМАС 50 нафар асирни қўйиб юбориши, Исроил эса ўз қамоқхоналарида сақланаётган 150 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиши белгиланди.

25 ноябр куни ҲАМАС 13 нафар исроиллик, 12 нафар Таиланд ва 1 нафар Филиппин фуқаросини озод қилди. Улардан 4 нафари ёш бола эди. ҲАМАС қўйиб юборган асирларнинг энг каттаси 78 ёш, энг кичиги 2 ёшда эди. Улар Ғазодан Рафаҳ ўтиш пункти орқали Қизил Хоч жамияти тез ёрдам машиналарида Мисрга олиб ўтилди ва кейин Исроилга йўл олишди.

Исроил эса мамлакат қамоқхоналарида муддат ўтаётган 39 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Улардан 24 нафари аёллар, 15 нафари ўсмир йигитлар бўлган. Фаластинлик маҳбуслар Ғарбий соҳилдаги чегара пункти орқали Фаластинга ўтказиб юборилган.

Исроил ҲАМАС билан келишув доирасида қўйиб юборилиши мумкин бўлган 300 нафар фаластинлик маҳбус рўйхатини эълон қилди. Уларнинг аксари ёш ўғил болалар бўлиб, 40 фоизи ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган. Рўйхатда 33 нафар аёл ҳам бор. Исроил томонига кўра асирлар алмашинуви доирасида озод қилинадиган фаластинликларнинг ҳеч бири одам ўлдиришда айбланмаган.

Фаластин томонига кўра, Исроил қамоқхоналарида 8000 нафаргача фаластинлик сақланмоқда. Уларнинг 3000 дан ортиғи маъмурий иш билан қамалган ва нега қамоққа олингани ҳақида маълумот ҳам берилмаган.

Ҳафта ғолиби

Ҳафта бошида дунёдаги энг катта давлатлардан бири Аргентинага янги президент сайланди. Фавқулодда радикал таклифларни илгари сурган Хавиер Милей 55 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб ғолиб бўлди. У овоз бериш натижаларига кўра ҳукмрон коалиция вакили бўлмиш иқтисодиёт вазири Серхио Массани ортда қолдирди.

«Аррали президент» номини олган Милейни бежизга бундай деб аташмайди. У давлат харажатларини кескин камайтириш керак деб ҳисоблайди. Милей маданият вазирлиги, спорт ва туризм вазирлиги, атроф-муҳит вазирлиги, аёллар, гендер ва хилма-хиллик вазирлиги, меҳнат вазирлиги мамлакат учун ортиқча бошоғриқ деб билади. У Аргентина ҳукуматида мавжуд бўлган 8 та вазирликни ёпиб, 11 та вазирлик билан мамлакатни бемалол бошқариш мумкин деб ҳисоблайди.