Нашрнинг тасдиқлашича, Украина президенти Володимир Зеленский ва УҚК бош қўмондони Валерий Залужний ўртасидаги муносабатлар атрофдагилар томонидан «қўрқинчли» деб баҳоланмоқда.

Қарши ҳужум якунлари бўйича баҳслар

Уларнинг ўртасидаги келишмовчилик ҳақидаги илк хабарлар ўтган йил ёзидаёқ пайдо бўлганди. Залужнийнинг шу йил кузида Economist нашрига берган очиқ интервюси, унда у урушдаги вазият боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида айтганди, можарони омма эътиборига олиб чиқди, дея ёзади Economist.

Зеленский дастлаб Залужнийнинг материалига очиқчасига жавоб қайтарди. Кейинроқ берган интервюсида эса бош қўмондонни сиёсатга аралашмасдан, ҳарбий ишлар билан шуғулланиш лозимлигидан огоҳлантирди.

Ҳукуматдаги юқори мартабали мулозимлардан бири Economist журналистларига президент ва бош қўмондон ўртасидаги очиқ можаро — қарши ҳужум режа бўйича кетмагани ва тўхтаб қолганидан кейин кутилган натижа эканини айтган.

Унинг фикрича, Залужний, президентнинг оптимистик позициясига омма олдида эътироз билдириб, ўзини унчалик ақлли тутмаган бўлиши мумкин, аммо ҳукуматда унинг мулоҳазаларини инкор эта оладиганлар жуда кам.

Унинг кузатишларига кўра, ҳозир Украинада «Ким айбдор?» ўйини ўйналмоқда ва фронтдаги муваффақиятсизликлар учун ким масъул экани аниқланмоқда. «Сиёсатчилар ўз генералларини — советлар тайёрлаган аҳмоқлар деб айтяпти. Генераллар эса сиёсатчиларни — уларнинг ишига аралашаётган нотавонлар деяпти. Ғалабанинг эгаси ҳамиша кўп бўлади, аммо ҳеч ким боши берк кўча учун жавоб беришни хоҳламайди», — дея вазиятни тасвирлаган нашр суҳбатдоши.

Жануб мудофааси иши

Яна бир муҳим омил — Украина жануби мудофааси бўйича жиноий иш, дейилади мақолада. Бу ҳудудда 2022 йил феврал ва март ойларида Россия қўшини тезкор ва муҳим ғалабага эришганди, дея эслатади Economist.

Россияликларнинг юриши муваффақиятли чиқишига украин ҳарбийлари қочиб кетиши, мудофаа режаларига зид равишда кўприклар портлатилмагани, армиянинг тайёргарлиги ёмонлиги сабаб бўлганди.

Айрим манбаларга кўра, Залужний ҳозирда терговда гувоҳ сифатида қатнашмоқда, аммо «бу жиддийроқ нарсага айланиши мумкин» ва айблов эълон қилиниши хавфи Залужнийни тийиб туриш учун керак, дея ёзади Economist. Бош қўмондоннинг ОАВдаги чиқишларини эса ўзини суғурта қилишга уриниш сифатида баҳолаш мумкин, дея тахмин қилади Украина бош штабидаги манба.