А гуруҳи

«Галатасарой» – «Манчестер Юнайтед» (22:45, Sport)

«Бавария» – «Копенҳаген» (01:00, Yoshlar)

«Манчестер Юнайтед» «Галатасарай» ва «Копенҳаген»га қарши ўйинларда ғалабани қўлдан чиқаргани ушбу гуруҳдаги ҳароратни максимал даражага кўтарди. «Қизил иблислар» энди «Дўзах» деб аталадиган Истанбул стадионида фақат ғалаба учун курашишга мажбур. Ҳатто ғалаба қозониб ҳам, «МЮ» ўзини хавфсиз сезмайди, кейинги турда «Бавария» билан ўйинда ҳам ижобий натижа қайд этиши лозим бўлади.

Агар бугун немислар «Копенҳаген»ни ютади, деб тасаввур қилсак, жамоаларнинг имконияти қуйидагича: «МЮ» Туркияда ғалаба қозонса, очколари сонини 6 тага етказади. «Галатасарой» ва «Копенҳаген» ҳисобида тўрттадан очко қолади. У ҳолда инглизларга сўнгги турда «Бавария» билан дуранг ўйнаш кифоя қилиши мумкин, чунки, «МЮ» ҳар икки рақиби билан ўзаро ўйинларда тенглик ва умумий тўплар нисбатига кўра устунликни қўлга киритади. Агар Туркиядаги ўйин дуранг билан тугайдиган бўлса, катта эҳтимол билан, «МЮ» гуруҳда қолиб кетади. Ҳаммаси сўнгги турдаги «Копанҳаген» – «Галатасарой» ўйинида ҳал бўлади. Тўғри, шундаям манчестерликларда имконият қолади, аммо бунинг учун улар «Бавария»ни енгиб, Даниядаги учрашув дуранг билан тугашидан умид қилишига тўғри келади.

Хуллас, ҳали бу ерда ҳаммаси чалкаш. Уч жамоадан ҳар бири Чемпионлар Лигасида курашни давом эттириши, ҳар қайси бири эса, Европа Лигаси иштирокчисига айланиши мумкин. Аниқ бўлгани фақат битта – «Бавария» плей-офф йўлланмасини ҳал қилган ва ҳатто биринчи ўринни нақд қилиб улгурган.

В гуруҳи

«Севиля» – ПСВ (22:45)

«Арсенал» – «Ланс» (01:00, Mahalla)

«Арсенал» французлар билан дуранг ўйнаса кифоя, кейинги босқич масаласини ҳал қилади. Ғалаба эса, Артета шогирдларига расман биринчи ўринни кафолатлайди. Иккинчи йўлланма учун эса, ҳозирча 5 тадан очкога эга бўлган ПСВ ва «Ланс» даъвогарлик қилмоқда. Албатта, «Севиля»да ҳам имконият бор, ҳатто у қадар кичик ҳам эмас – масалан, бугунги ҳар икки ўйинда мезбонлар ғалаба қозонса, сўнгги тур олдидан биратўла уч жамоада 5 тадан очко бўлади. Ўшанда сўнгги турдаги «Ланс» – «Севиля» ўйини финал мақомига чиқиб кетади. «Севиля» ғалаба қозонадиган бўлса, очколар бўйича «Ланс»ни ҳам, ўзаро ўйинларидаги устунлик туфайли ПСВни ҳам ортда қолдириб, гуруҳда 2-ўринни эгаллаши мумкин.