Пойтахтда аҳолига қулай шароитлар яратиш, шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида ерусти жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда шаҳарда янги жамоат транспорти йўналишлари ишга туширилди, мавжуд автобуслар модернизация қилинди, тизимни бошқариш ва мониторинг қилишнинг янги технологиялари жорий этилди.

Автобус енгил автотранспортга нисбатан 135 баробарга самарадор

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 5 млн нафар аҳоли мавжуд бўлиб (доимий истиқомат қилувчи – 3 млн, кунлик шаҳарга келиб-кетувчи – 1,5 млн, вақтинчалик яшовчи – 0,5 млн), шундан мобил аҳоли сони ўртача 3,5 млн кишини ташкил қилади.

Ўтказилган таҳлилларга кўра пойтахтдаги мобил аҳолининг кунлик қатнов сони ўртача 9 млнни ташкил этиб, шундан 6 миллиони ҳаракатланиш транспортида амалга оширилади.

Транспортда амалга оширилаётган қатновларнинг 1,7 миллиони (28 фоиз) жамоат (автобус, метро) транспортига , 4,3 миллиони енгил автотранспортга тўғри келмоқда.

Пойтахтнинг транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий 73та кўчалари узунлиги 472 кмни ташкил этиб, ўртача 380-400 минг автотранспорт ҳаракатланишига мўлжалланган.

Шаҳарда кун давомида ўртача 1 миллионга яқин автотранспорт (770 мингта – рўйхатдан ўтган, 200 мингта кириб чиқади) ҳаракатланиб, асосий кўчаларга 2 баробар кўп юклама тушмоқда.

Таҳлилларга кўра битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,3 нафар йўловчи, битта автобусда эса ўртача 580 йўловчи ташилмоқда (автобуснинг енгил автотранспортга нисбатан самарадорлиги 135 баробар).

Автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга ошди

Сўнгги йилларда пойтахт аҳолисининг транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш, кўчаларда жамоат транспорти устуворлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи бир қатор президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Бунинг натижасида, 2022 йилда Тошкент шаҳри учун 200 дона ўрта сиғимли SAZ LE 60 русумли ва 190 дона катта сиғимли MAN русумли автобуслар ва илк бор 20 дона замонавий электробуслар харид қилинди.

2023 йилда эса шаҳар жамоат транспорти ҳаракат таркибини мукаммал янгилаш юзасидан амалга оширилган лойиҳалар натижасида қўшимча 1000 дона автобуслар харид қилинди. Жумладан, метан газ ёқилғисида ҳаракатланувчи 500 та катта сиғимли YOUTONG ва 200 та ўта катта сиғимли KINGLONG автобуслари ҳамда 302 та YOUTONG электробуслари олиб келинди.