Иқлим ўзгаришидан қийналган давлатларга 420 миллион
Иқлим саммитининг илк кунини COP28 президенти Султон Ал-Жобир кўпчиликка маъқул келадиган таклиф билан бошлади. У иштирокчилардан иқлим ўзгариши сабаб азият чекаётган мамлакатлар учун 420 миллион доллар ажратишни сўради.
«Бу миқдор иқлим саммити учун мисли кўрилмаган қадам ва жуда яхши бошланиш бўлди», – деди у.
Шунингдек, Султон Ал-Жобир мамлакатларни ҳавога ташланадиган чиқиндини жиддий миқдорда қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини 3 баравар ва энергия самарадорлигини 2 баравар ошириш учун биргаликда ишлашга ваъда беришга даъват қилди.
Бироқ БМТнинг бу йилги саммити президенти сифатида Султон Ал-Жобир танлангани айрим давлат фаолларига ёқмади. Бунга сабаб унинг БААдаги йирик нефт компаниялардан бирига раҳбарлик қилиши бўлди. Яъни Султон ал-Жобир Абу-Даби Миллий нефт компанияси раиси бўлиб, компания 2021 йилда кунига 2,7 миллион баррел нефт ишлаб чиқарган. 2027 йилга бориб бу кўрсаткични икки баравар оширишни режалаштирган. Агар иқлим ўзгаришининг энг асосий сабаби нефт экани ҳисобга олинса, танқидлар ўринли.
«Иқлим ўзгариши марказида қазиб олинаётган ёнилғилар туради. Шунинг учун саноатни ичдан ўзгартириш керак. БАА тикланадиган энергия компанияси Масдарнинг бошқарувчиси сифатида, COP28ʼдаги раҳбарлигим аниқ саъй-ҳаракатларни олдинга қўйишимизга сабаб бўлади», – деган гаплари билан ўзини оқлаган бўлди у.
Бироқ АҚШ ва Европа Иттифоқидан 130 дан ортиқ ҳуқуқшунослар Султон ал-Жобирнинг президентликдан четлаштирилишини сўрашган.
«Инсоният Ер устида қўрқинчли тажриба ўтказяпти»

Британия қироли Чарлз дунё ҳамон иқлим ўзгаришига қарши курашдан «даҳшатли узоқда» эканини айтиб, агар иқлим тезроқ яхшиланмаса, глобал иқтисодиёт хавф остида қолишига сабаб бўлишини таъкидлади.
«Биз ташвишли даражага етиб бораётганимизни кўриб турибмиз. Одамлар Ер сайёраси устида қўрқинчли тажриба ўтказмоқда ва табиат дунёсини мувозанат меъёрлари ва чегаралардан ташқарига олиб чиқяпти», – деди у.
Шунингдек, у глобал миқёсда иқлим ўзгаришининг таъсирини Ҳиндистон, Покистондаги сув тошқини ва АҚШ, Канада, Грециядаги кучли ўрмон ёнғинларидан билиш мумкинлигини қўшимча қилди.
















