Ўтган ҳафта охирида вақтинчалик сулҳ узайтирилмай, Исроил армияси ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлагач, аҳоли зич яшовчи ушбу шаҳар исроилликлар юришининг асосий мақсадига айланди.
ЦАҲАЛ расмий вакили, контр-адмирал Дэниел Ҳагарининг қайд этишича, армия рақибнинг мустаҳкамланган позициялари мавжуд бўлган барча жойда ҳаракатланади.
Исроил расмийлари фикрича, Хон Юнусда ҲАМАС раҳбарияти вакиллари яширинган бўлиши мумкин, қолаверса, бу ҳаракат етакчиси Яҳё Синвар туғилган шаҳар ҳисобланади.
Миср билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктидан 10 км масофада жойлашган Хон Юнус Ғазо жанубидаги энг йирик шаҳар бўлиб, бу ерда 400 минг атрофида аҳоли истиқомат қилади.

Исроил қуруқлик амалиёти бошланганида жон сақлаш учун шимолдан қочган юз минглаб фаластинликлар айнан Хон Юнусда вақтинча бошпана топишганди.
Аммо 4 декабр тонгида ЦАҲАЛ Хон Юнуснинг кўплаб туманлари аҳолисини янада жануброққа кетишга чақириб варақа тарқатди.
Исроиллик ҳарбийлар Ғазодаги тинч аҳоли вакиллари Салоҳ-ад-дин йўлининг шимолдан жанубга олиб ўтувчи муҳим участкасидан фойдаланмаслиги кераклиги, бу йўналиш ўта хавфли эканидан огоҳлантирган.
Исроил ҳарбийлари вакили тинч аҳоли вакиллари Хон Юнусдан шимолдаги ҳудудлардан жанубга соҳил бўйидаги йўллар орқали бориши мумкинлигини қайд этган.
Исроил армияси олдинга силжиган сари халқаро ҳамжамият, хусусан, унинг асосий иттифоқчиси АҚШ томонидан тинч аҳоли муҳофазаси учун фаолроқ чоралар кўришга чақириқлар кўпроқ янграмоқда.

Исроил аҳолини огоҳлантираётгани, жумладан Ғазонинг қаердан қаерга эвакуация қилиш мумкинлиги кўрсатиладиган онлайн хариталарини эълон қилаётганини айтмоқда.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг маслаҳатчиси Марк Регев эса BBC мухбирига фаластинликларнинг Ғазода энди хавфсиз жой қолмагани ҳақидаги сўзларига қўшилмаслигини билдирган.

















