Сўнгги кунларда Исроилнинг Ғазога босқини яна авж олди. Аввалроқ сектор жанубидаги Хон Юнус шаҳрини хавфсиз ҳудуд деб атаб, тинч аҳолини ўша ерга кўчишга ундаган Исроил ҳукумати энди бу шаҳарга ҳам ракеталар учирмоқда. Kun.uz урушдаги сўнгги воқеаларни шарҳлаш учун эксперт Шавкат Икромовни таклиф қилди.
— Хавфсиз ҳудуд деб аталган Хон Юнусга ҳам ҳужумлар бошлангани ва тинч аҳоли ҳалок бўлгани айтилди. Хон Юнусга ҳужум қилишдан мақсад нима?
— Араб нашрларидан бири Нетаняҳу бошчилигидаги сионистик ҳукумат шахмат ўйнаяпти деб ёзди. Ва шахмат ўйини стратегик эмас, балки тактик юришлардан иборат бўлаётганини ҳам айтади. Ростдан ҳам худди шахмат ўйнаётганга ўхшайди. Аввалига аҳолини жанубга, яъни Хон Юнусга кўчишга чақирди, энди эса ҲАМАС вакиллари Хон Юнусдан жой олган деб, ўша ерда ҳам ҳарбий амалиёт бўлишини айтяпти.
Ғазонинг географиясига, ҳозирги воқеаларга қарайдиган бўлсак, аҳоли жанубга, Миср чегараси томон қисиб борилмоқда. Ўтган суҳбатда аҳоли кўчирилиши лойиҳаси ҳақида гаплашгандик, балки аҳоли қисиб борилиши шу лойиҳани амалга ошириш учундир. Олдин Хон Юнусга бориши кераклиги айтилган аҳоли энди [Миср билан чегарадаги] Рафаҳга бориш кераклигини айтишяпти. Улар интервюларида Мисрга чиқариб юборилишларидан хавотирларини айтишяпти.
Хон Юнусга йиғилган аҳолининг сони 1,8 млнга яқинлашган. Бу дегани ҳар бир қадамда аҳоли бор дегани, жой жуда тор. Бу ерда ҳам 3 декабрдан қуруқлик амалиётлари бошланди, ҲАМАС вакиллари қидирилмоқда. АҚШ, БМТ, Ғарб ва Шарқ давлатлари бу ерда катта инсоний талафотлар бўлиши мумкинлигини айтяпти. АҚШ ҳам Исроилдан тинч аҳолига етадиган зарарни максимал камайтиришни сўраяпти. Аммо айни вақтда амалга оширилаётган ишлар қурбонлар сонини фақат кўпайтиради. Оташкесим тугаб, шанба куни ҳаракатлар бошлангандаёқ ОАВ 700 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ҳақида ёзди. Ғазода 2,5 млн-3 млнга яқин аҳоли бор. Уларни кўчириб чиқариш инсоният тарихидаги йирик жиноятлардан бири бўлади.
Исроил Хон Юнусни бир нечта кварталларга бўлиб чиққан. Ҳужум бўладиган кварталдаги аҳолига бир кун олдин SMS-хабар юбориб, хавфсиз ҳудудга ўтишини сўраяпти. Умуман, бу худди биз киноларда кўргандек вазият.
— Британия махсус хизматлари Ғазодаги асирларни қидиришда Исроилга ёрдам бериши ҳақида хабарлар бор. Нега араб давлатлари ҳам Исроил асирлигидаги минглаб фаластинликларни озод қилишда ёрдам қўлини чўзишмаяпти?
— Араб давлатлари нега ёрдам бермаяпти деган савол уруш бошлангандан бери бор, умуман олганда, 1948 йилдан бери бу савол айланади. Афсуски, араб давлатларининг ўз манфаатлари, Ғазода тинчлик ўрнатилишидан кўра муҳимроқ бўлган ўз мақсадлари бор. Шунинг учун ҳам бу урушга аралашмайди, Бундан ташқари, ҳар қандай аралашув урушни Ғазодан ташқарига чиқариб юбориши мумкин.















