Дунё диққат марказида бўлиб турган Ғазо ва Украинадаги вазият, шунингдек, жаҳонда ўтган кун давомида содир бўлган энг муҳим воқеа, ҳодиса ва янгиликлар билан одатдагидек жаҳон хабарлари дайжестида таништирамиз.
Исроил армияси ҲАМАС етакчилари қочқинлар билан бирга секторнинг жанубига кўчиб яширинганини гумон қилиб, Ғазонинг жанубий қисмини ҳам бомбалашни бошлаганини аввал ҳам хабар берган эдик.
БМТнинг Ғазодаги ташкилоти директори Томас Уайт Исроил аввал хавфсиз зона, деб эълон қилинган Рафаҳ шаҳрига ҳам ҳужум қилмоқда. «Болалар ва аёллар хавфсиз бошпага сўрашмоқда, лекин биз уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаяпмиз», деган у.
БМТ вакили 7 октябрдан буён Ғазо аҳолисининг 80 фоиз аҳолиси шимолдан жанубга кўчирилгани, 1,2 млн ички қочоқлар БМТнинг Ғазодаги 156 та объектида жон сақлаётганини маълум қилди. У ерда яна 600 мингга яқин маҳаллий аҳоли ҳам истиқомат қилади.
UNICEF вакили Жеймс Элдернинг айтишича, жанубдаги ҳужумлар шимолдагидан қолишмайди. «Сукут — жиноятда иштирок этиш. Мен Ғазо жанубидаги 1,8 миллион инсон ҳақида ўйлашдан ўзимни чалғита олмаяпман», деган у.
Фаластинлик қочқинларга ёрдам берувчи БМТ агентлиги «Ғазога етиб келаётган ёрдам денгиздан томчи экани, Ғазода ўткир ичак касалликлари 4 баробарга, тери касалликлари 3 баробарга ошганини таъкидлаган.
Исроил армияси Ғазонинг шимолида ҲАМАСни енгиб бўлмаётганини таъкидлаган. Армия вакилининг CNN’га маълум қилишича, ҳозирча улар ҲАМАС устидан айтарли ғалаба қозона олишмаган ва бу ҳудуддаги операция ва жойлардаги вазият ўта мураккаблигини маълум қилган.
The Wall Street Journal нашрининг хабар қилишича, ҲАМАС жанговар қаноти томонидан Ғазо сектори остида қурилган 500 километрлик туннелларни денгиз сувига тўлдириш учун Исроил бутун бир насослар тизимини ҳозирламоқда. Агар Исроил бу чорани қўллайдиган бўлса, шундоқ ҳам сувсизликдан қийналаётган Ғазодаги ер ости чучук сувларини истеъмол учун яроқсиз ҳолга келтиради.
Ғазо ҳокимияти матбуот хизмати Ислом ҳамкорлиги ташкилотини Ғазо секторидаги фалокатга ечим топиши учун бирлашишга чақирган.
Франциянинг БМТдаги доимий вакили Николя де Ривиер Хавфсизлик Кенгаши Ғазода гуманитар паузаларга чорлаш билангина тийилмасдан, сулҳ тузилиши ва ўт очишни тўхтатишга эришиши кераклигини айтди.














