16:12 / 08.12.2023
48586

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида АГТКСлар фаолияти чекланди

Ҳаво совиши муносабати билан, бутун республика бўйлаб метан-шохобчалар соат 6:00 дан 15:00 гача ишлашга ўтди. Энергетика вазирлиги бунинг учун узр сўради ва аҳолини вазият барқарорлашгунга қадар тежамкор бўлишга чақирди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг совиб бориши туфайли аҳоли орасида табиий газга талаб ошди, бу эса аҳоли истеъмолининг кўпайишига ва газ босимининг сезиларли пасайишига олиб келди, дея маълум қилди Энергетика вазирлиги.

Вазирликка кўра, 7–16 декабрь кунлари оралиғида кутилаётган (8 декабрда 0 даража, 12 декабрда -16 даража) совуқ об-ҳаво шароитида ҳам газ босимининг пасайиши кутиляпти.

“Шундан келиб чиқиб, аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида метан заправкалари ишлаш вақтини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Режага мувофиқ, метан заправкалари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлайди.

Мазкур вақтинчалик чеклов аҳоли истеъмолчилари ҳамда ижтимоий объектларни табиий газ билан бир маромда таъминлаш мақсадида айни пайтгача республикамизнинг барча ҳудудида киритилди”, – дейилади расмий хабарда.

Вазирлик истеъмолчилардан ноқулайлик учун узр сўраб, аҳолини вазият барқарорлашгунгача тежамкорликка риоя қилишга чақирган.

Top