Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституция байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги эълон қилинди.
“Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Конституция миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади”, – дейилади табрик аввалида.
Шавкат Мирзиёев шу йил 30 апрелда тарихда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида Конституция янги таҳрирда қабул қилинганини қайд этган.
“Ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди”, – дея қайд этган президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, қисқа муддатда 30 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилган.
“Кенг кўламли ва тизимли ислоҳотларимиз натижалари халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага, Матбуот эркинлиги индексида 28 поғонага, Ҳуқуқ устуворлиги индексида 13 поғонага кўтарилди”, – деган Шавкат Мирзиёев.
Президент олдинда турган энг муҳим устувор вазифаларни санаб ўтган.
“Биринчидан, Конституциямизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир, дейилган. Ана шу қоидадан келиб чиқиб, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларимиз изчил давом эттирилади.
Иккинчидан, Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтишимиз зарур. Шундагина халқимиз Асосий қонунимизнинг ҳаётбахш кучи ва таъсирини теран ҳис этади.
















