Қирғизистонда 200 га яқин давлат хизматчиси жиноий гуруҳлар билан алоқаси учун ишдан бўшатилди
Мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши тадбирлар давом этмоқда.
Қирғизистонда октябр ойида ўлдирилган криминал авторитет Қамчибек Қўлбоев ва божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов томонидан ташкил қилинган уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) билан алоқалари туфайли турли даражадаги 180 дан ортиқ давлат хизматчиси ўз лавозимидан четлатилди.
Бугунги кунга қадар жами 226 нафар давлат хизматчисининг криминал олам билан алоқаси фош этилган. Божхона органларида 85 нафар ходим аниқланиб, улардан 76 нафари ишдан бўшатилган, Ички ишлар вазирлигида 26 нафар шахс аниқланиб, улардан 14 нафари мансабдан четлатилган. Маҳаллий Кенгашнинг 6 нафар депутати ўз мандатини топширган. 65 нафари туман давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларидаги лавозимидан четлатилган.
Ноябр ойи бошида Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорлик, коррупция ва бошқа қонунбузарликлар учун 202 нафар давлат хизматчиси лавозимидан маҳрум этилишини маълум қилган эди.
«Райим-миллион» лақабли Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон божхона хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Бу вақт ичида у хитойлик тадбиркор Ҳабибулла Абдуқодирнинг яширин клани билан биргаликда коррупция схемасини тузган. Жумладан, ЕОИИ мамлакатларига контрабанда билан шуғулланган.
Қирғизистонда 2020 йил октябр ойида ҳокимият алмашганидан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси божхонадаги коррупция бўйича тергов бошлади, унга Матраимов ҳам алоқадор эди. 2021 йил феврал ойида собиқ амалдор «Коррупция» моддаси бўйича судланди. Матраимов тергов билан келишувга эришиб, давлатга 2 миллиард қирғиз сўмини (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолди.
Қамчибек Қўлбоев Қирғизистондаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири эди. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритган.
Қўлбоев 4 октябр куни хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида отиб ўлдирилди. Эртаси куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини «жамиятга қарши бош кўтармоқчи бўлган» ҳар қандай шахс қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
17:25 / 11.11.2024
Қозоғистонда хотинкуш Бишимбаев колониядан қочиб кетгани рад этилди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024