Ўзбекистон | 19:10 / 13.12.2023
20618
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги қўриқхонага ўрнатилган видеоқопқонга 4 та ноёб қор қоплони тушди

«Ҳисор» давлат қўриқхонасининг 40 йиллик тарихида бундай ҳолат биринчи маротаба қайд этилган.

Қашқадарё вилоятида жойлашган «Ҳисор» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга бир вақтнинг ўзида тўртта ноёб қор қоплони тушган. Бу ҳақда қўриқхона ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Ҳисор» давлат қўриқхонасининг Танхоздарё бўлими қўриқлаш ходими Ж.Бердалиев томонидан ўрнатилган фото-видеоқопқонлар орқали қор қоплонларининг тўдаси тасвирга олинди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, авваллари улар 1−2 тадан учраб турган. Қўриқхона ҳудудларида ўтказилган кузги мониторинг натижаларига кўра бу ерда 50-52 бош ноёб қор қоплонлари яшаётгани аниқланган.

Қор қоплони ноёб тур ҳисобланади. Унинг тана узунлиги ўртача 130 сантиметр, думи 90 сантиметр, оғирлиги 75 килограммгача бўлади.

Қор қоплонларининг кўриш, эшитиш ва ҳидни ҳис қилиш органлари яхши ривожланган. Улар ҳар икки йилда бир марта болалайди ва 21 ёшгача умр кўришлари мумкин. Ов қилиш учун ўлжасига тошлар орасидан яқинлашиб, 6 метр ва ундан ҳам узоқроққа сакрай олади.

Қор қоплонлари Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ғарбий Сибир, Жанубий Мўғулистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Непал ва Бутан каби саноқли давлатларда учрайди. Ҳозирда уларнинг сони 4 500 бош экани айтилади.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларни йўқ қилганлик учун ундириладиган жарималар миқдори 10 бараварга, ўсимликларни ўсишдан тўхташ даражасида шикастлантириш ёки йўқ қилганлик учун 5 бараварга оширилди.

Эндиликда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қоплон, тарғил сиртлон, илвирс каби ҳайвонлар ноқонуний овлагани учун Ўзбекистон фуқаролари 3 млрд 150 млн сўм, чет эл фуқаролари эса 400 минг доллар табиатга етказилган зарарни тўлашларига тўғри келади. Рўйхатдан қушлар, судралиб юрувчи ҳайвонлар, умуртқасиз жониворлар ҳамда балиқлар ҳам жой олган.

Мавзуга оид

Эълонлар